APP: Покистон ва Ўмон янги келишув имзолади
Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф мамлакатга расмий ташриф билан келган Ўмон ташқи ишлар вазири Сайид Бадр бин Ҳамад бин Ҳамуд Ал-Бусаидийни қабул қилди. Музокара якунида томонлар стратегик ва иқтисодий шерикликни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олдилар.
Мулоқот Ҳамкорлик бўйича ҳукуматлар аро қўшма комиссия 8-йиғилиши доирасида кечди. Учрашувда Покистон Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири Исҳоқ Дор ҳамраис сифатида қатнашди.
Шаҳбоз Шариф ўзаро муносабат муштарак эътиқод, географик яқинлик ва кўп асрлик тарихий-маданий риштага асосланганини таъкидлади. Ўмонни минтақадаги муҳим қўшни, ишончли ҳамкор ўлароқ эътироф этди.
Жанубий Осиё ва Яқин Шарқдаги вазият муҳокама қилинганда томонлар дунёвий ва минтақавий кун тартибидаги асосий масалалар бўйича қараш муштараклигини билдирди. Бош вазир Ўмоннинг низоларни тинч йўл билан, дипломатик мулоқот орқали ҳал этишга нисбатан қатъий ёндашувини юқори баҳолади.
Музокара якунида Ҳамкорлик бўйича ҳукуматлар аро қўшма комиссия 8-йиғилиши баённомаси тасдиқланди. Бундан ташқари медиа ва ахборот алмашинуви, тарихий ҳужжатлар ва архивни бошқариш, коммуникация ва ахборот технологиялари, дипломатик ва расмий мулоқотни енгиллаштиришга қаратилган қатор муҳим битимлар, меморандумлар имзоланди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА