Анжуман долзарб масалага бағишланди
Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида когнетив, хавотирли ва астеник бузилишларни терапия қилиш масалаларига бағишланган илмий анжуман бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳамда туманлар тиббиёт муассасаларининг невролог ва нейрохирурглари, Бухоро давлат тиббиёт институти ўқитувчилари, умумий амалиёт шифокорлари қатнашди.
Таъкидланганидек, охирги йилларда, пандемия даври, “Covid-19” дан кейинги асоратлар, атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларига мос ҳолда, вилоят аҳолиси орасида ҳар турдаги касалликлар ривожланиши билан бир қаторда неврологик, яъни, марказий ва переферик нерв-асаб тизими касалликлари сезиларли даражада кўпаймоқда. Шу билан бирга, неврологик касалликларга ташхис қўйиш, уларни профилактика қилиш ва даволаш, шунингдек, ихтисослаштирилган тиббий ёрдамнинг ҳаммабоплигини таъминлаш соҳасидаги айрим муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда.

Юртимизда сўнгги ўн йилда ўлим билан якунланиш даражаси юқорилиги билан ажралиб турадиган айрим неврологик касалликлар билан хасталаниш барқарор ортмоқда. Реабилитация тадбирларининг даражаси пастлиги эса аҳоли ўртасида ногиронликнинг кўпайишига олиб келмоқда. Профилактика ва даволаш ишларини ташкил этиш, неврологик касалликларни эрта аниқлаш хамда бу йўналишда илмий-амалий тадқиқотлар ўтказишни таъминлайдиган ягона марказлашган тизим мавжуд эмас.
Шунинг учун замон талабларига жавоб берадиган нейрореабилитация тадбирлари ва неврологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш, шунингдек, ихтисослаштирилган ёрдам турларини кенгайтириш, унинг сифатини яхшилаш ва ҳаммабоплигини ошириш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада Президентимизнинг 2018 йил 30 августдаги “Аҳолига неврологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори муҳим дастуриламал вазифасини ўтамоқда.

– Касалланиш даражаси ошгани ўз-ўзидан неврология соҳасида янги диагностик ва даволаш усулларини татбиқ этишни тақозо этмоқда, – дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази неврология бўлими мудири, вилоят бош неврологи Шахобиддин Рўзиев. – Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази мисолида олсак, муассаса моддий-техник имкониятларини яхшилаш мақсадида вилоят ҳокимлиги амалий кўмаги билан шу йил февраль ойида марказ неврология бўлимига моддий қиймати 750 миллион сўмга АҚШ ва Россияда ишлаб чиқарилган янги замонавий диагностик ускуналар олинди. Бу касалликка юқори аниқликда эрта ташхис қўйиш, қатор кўринишдаги руҳий-асаб касалликлари, ирсий хасталиклар, тутқаноқ ва инсультни даволаш сифати ва самарадорлигини ошириш имконини бермоқда. Чунончи, транскраниал магнит стимуляция аппарати — ТМС бу тиббиётда янги қўшимча даволаш, айрим касалликлар реаблитацияси ва диагностика учун қўлланилади. ТМС – юқори интенсивликдаги, ўзгарувчан импульсли магнит майдон ёрдамида мия тузилмаларини ноинвазив, оғриқсиз стимуляция қилиш усули, бўлиб, бош мия нейронларини активация ва стимуляция қилиш усули. Бу метод ёрдамида бош мия айрим структураларини қўзғатувчи ва тормозловчи таъсир қилиш мумкин.

Бухорода ўтаётган мазкур илмий анжуманда ҳам соҳа олдида турган муҳим вазифалар муҳокама қилинди. Замонавий даволаш чора-тадбирлари хусусида тажриба алмашилди.
Анжуман иштирокчилари “Умумамалиёт шифокорлари тажриба мактаби” лойиҳаси билан яқиндан танишди. Долзарб неврология ва реаблитология мавзусида фикр алмашилди. Жараёнда неврология ва инсульт касалликларини эрта реаблитация қилиш ва хотира бузилиши, депрессия ҳолатларининг олдини олишга доир маҳорат кўриги ўтказилди. Марказда даволанаётган 50 нафарга яқин бемор тиббий кўрикка жалб қилинди.
Маълумот учун, айни кунда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг неврология бўлимида йигирмадан зиёд касаллик билан бир ойда 120 нафаргача бемор ётиб даволанмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири