Анқара ва Қоҳира ўртасида ҳамкорлик тикланади
Туркия ва Миср ўртасидаги муносабатларнинг ривожланиши икки давлат манфаатларига мос келади. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлют Чавушўғли мисрлик ҳамкасби Самех Шукри билан учрашувда айтиб ўтди, деб хабар берди “Анадолу” агентлиги.
Икки давлат вазири Мерсин портига ташриф буюриб, зилзила қурбонлари учун Мисрдан “Al-Xuriya” кемасида келган 520 тонналик инсонпарварлик ёрдамини кутиб олиш маросимида иштирок этишди.
“Туркия ва Миср ўртасидаги муносабатларнинг ривожланиши икки томон учун ҳам фойдали бўлади, лекин бу бутун минтақамиз барқарорлиги ва ривожланиши учун ҳам ниҳоятда муҳим”.
“Муносабатларимиз совуқлашган даврда ҳам қайта-қайта таъкидланганидек, Миср Ўртаер денгизи, араб дунёси ва ислом олами, Фаластин, Африка ва Туркия учун ҳам муҳим давлатдир. Биз кучли Мисрдан манфаатдормиз”, деб қўшимча қилди Чавушўғли.
ТИВ раҳбари, шунингдек, Туркия ва Миср Президентлари Режеп Таййип Эрдоған ва Абдель Фаттоҳ Ас-Сисининг Доҳадаги учрашуви ниҳоятда самарали бўлганини таъкидлаб, икки етакчининг Анқарада учрашувига ҳозирликлар бошланганини маълум қилди.
ЎзА