Аномал иссиқдан нафақат ўзингизни, балки табиатни ҳам асранг
Ҳаво ҳароратининг 45-48 даражагача кўтарилиши нафақат инсон саломатлиги, балки дарахтлар, ҳайвонот дунёси ва бутун экотизим учун ҳам жиддий синов ҳисобланади.
Мутахассислар бугун кўрилган ҳар бир эҳтиёт чораси эртанги экологик барқарорлик учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидламоқда.
Гидрометеорология хизмати агентлиги маълумотларига кўра, 18-20 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига жанубдан ўта иссиқ ҳаво массаларининг кириб келиши давом этади. Республика бўйича ҳаво ҳарорати 43-45°С, жанубий ва чўл ҳудудларининг айрим жойларида эса 46-48°С гача кўтарилиши кутилмоқда.
Шунингдек, шамол тезлиги 13–18 метр/сониягача, айрим ҳудудларда эса 20–22 метр/сониягача кучайиши мумкин. Айрим жойларда чанг ва қум бўронлари ҳам кузатилиши эҳтимоли мавжуд.
Юқори ҳарорат дарахт ва буталарнинг қуриши, яшил ҳудудларнинг ҳолати ёмонлашиши, янги экилган кўчатларнинг нобуд бўлиши ҳамда ҳайвонот оламига жиддий зарар етказиши мумкин.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси юртдошларимиз, маҳаллий ҳокимликлар, коммунал хизматлар ҳамда барча масъул ташкилотларни ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асрашга алоҳида эътибор қаратишга чақирди.
Айниқса, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган ёш кўчатлар экстремал иссиқ таъсирига энг сезгир ҳисобланади. Улар мунтазам суғориш, қўшимча парвариш ва доимий назоратга муҳтож.
Шу муносабат билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, коммунал хизматлар, корхона ва ташкилотларга кўчалар ва жамоат жойларини совитиш ишларини давом эттириш, яшил ҳудудларни суғоришни кучайтириш, суғориш тизимларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, янги экилган дарахтларни алоҳида назоратга олиш, табиий ёнғинларнинг олдини олиш ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чоралар кўриш тавсия этилди.
Мутахассисларнинг фикрича, иқлим ўзгариши шароитида бундай экстремал ҳароратлар тобора тез-тез кузатилмоқда. Шу боис экологик масъулиятни фақат давлат идоралари эмас, ҳар бир фуқаро ҳам ҳис қилиши муҳим.
Бугун асраб қолинган ҳар бир дарахт, ўз вақтида суғорилган ҳар бир кўчат ва амалга оширилган ҳар бир эҳтиёт чораси мамлакатнинг экологик хавфсизлиги ҳамда келажак авлодлар учун соғлом атроф-муҳитни сақлаб қолишга қўшилган муносиб ҳисса ҳисобланади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА