Англияда яҳудий мактаблари хавфсизлик муаммоси билан юзма-юз келмоқда
Ҳукумат буюртмаси билан ўтказилаётган мустақил таҳлил раҳбари сэр Дэвид Белл айтишича, Англиядаги айрим яҳудий мактаблари раҳбарлари таълимдан кўра хавфсизлик масаласига кўпроқ вақт сарфламоқда.
Муаммо ўқувчиларга ҳам таъсир қиляпти. 5 000 бола иштирокида ўтказилган сўровга кўра, қарийб 20 фоиз ўқувчи мактаб ёки коллежда антисемитик ҳатти-ҳаракатга дуч келган ёки шундай ҳолатни кузатган. Белл яҳудий болалар мунтазам ҳақорат ва тазйиққа учраётганини айтди. Бу бошқа жамоалардаги ёшлар дуч келаётган вазиятдан анча оғир.
Хуллас, антисемитизм ҳолати рекорд даражага чиққан. “Community Security Trust” маълумотига кўра, 2026 йил биринчи ярмида таълим муассасаларида 178 шундай ҳолат қайд этилган. Бу 2025 йил шу давридаги 112 ҳолатдан 59 фоиз кўп.
Белл таҳлилида ўқитувчилар учун махсус тайёргарлик ва ўқувчиларга антисемитизм ҳақида чуқурроқ тушунча бериш тавсия қилинган. Шунингдек, мактаб ва коллежларда айни ҳолатларни қайд этиш учун ягона тизим жорий этиш таклиф қилиниши мумкин. Ҳозир эса айрим яҳудий мактабларида хавфсизлик чораси кучайтирилган: қўриқчилар мактаб атрофида навбатчилик қиляпти, ходимларнинг автомобиллари ҳам текширилмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА