Туркияда ёшлар учун янги уй-жой дастури ишга тушди
Туркияда мустақил ҳаёт бошлаган ва ўз уйига эга бўлишни истаган ёшлар учун муҳим молиявий механизм парламент муҳокамасига киритилди. Шу тариқа илк бор уй сотиб олаётган фуқароларга давлат томонидан бевосита молиявий кўмак кўрсатиш тизими жорий этилмоқда.
Махсус қонун лойиҳаси Буюк Миллат Мажлисига тақдим этилган. Ҳозир ҳужжат План ва бюджет комиссиясида ҳам кўриб чиқиляпти. Лойиҳага кўра, имтиёзли молиялаштириш тизими 18 ёшга тўлган ва 35 ёшдан ошмаган фуқаролар учун мўлжалланган. Табиийки, фақат ёш мезони етарли эмас: номзод, унинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандлари номида мулк сифатида уй-жой мавжуд бўлмаслиги шарт. Шунингдек, давлат кўмаги ҳисобидан харид қилинадиган хонадондан фақат ўзи яшаш жойи мақсадида фойдаланиш мажбурияти белгиланмоқда.
Мазкур ташаббуснинг одатий ипотека дастуридан асосий фарқи шундаки, умумий кредитлар аро рақобатдан холи бу механизм айнан илк уйини олаётган ёшларга манзилли тарзда йўналтирилиб, молиявий юкни сезиларли даражада енгиллаштиришни назарда тутади. Дастлабки уч йил мобайнида жорий этиладиган тўловсиз давр меҳнат фаолиятини энди бошлаганлар ва ёш оилалар учун қулайлик яратади. Шу билан бирга суистеъмол ҳолатининг олдини олиш мақсадида давлат кўмаги ёрдамида олинган кўчмас мулкни белгиланган муддатдан олдин сотишга қатъий чеклов қўйилиши кўзда тутилган.
Парламент ташаббусни маъқулласа, мамлакатда ёшлар уй-жойли бўлишини кафолатлайдиган янги давлат молиялаштириш тизими амалиётга жорий этилади.
Нодира Қаюмова,
ЎзА
Туркия