Андижонлик ёшлар халқаро танлов ғолиби
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган “Нива истиқболлари” (“Невские перспективы) халқаро санъат фестивал танловида андижонлик бир гуруҳ ёшлар ғолиб ва совриндор бўлди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз истеъдод ва салоҳиятини тўлақонли намоён этиши учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, юртимиз ёшлари нафақат республика, балки халқаро миқёсдаги турли санъат танлов ва фестивалларида муваффақиятли иштирок этмоқда.

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Болалар ва ўсмирларнинг ижодий иқтидорларини ривожлантириш халқаро лойиҳаси доирасида жаҳондаги қатор мамлакатлардан келган ёш иқтидорлар иштирок этган “Нива истиқболлари” халқаро фестивал танловида юртимиз ёшларининг эришган ютуқлари фикримизга бир мисолдир.
Куни-кеча якунланган танловда Андижон ихтисослаштирилган санъат мактаби “Эстрада” йўналиши ўқувчиси Муҳаммадали Тўлқинов, “Халқ чолғулари ижрочиси" йўналиши дутор мутахассислиги ўқувчиси Дилбарой Қўчқорова, Андижон шаҳридаги 3-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби қашқар рубоби мутахассислиги ўқувчиси Сардорбек Ўлмасбоев, Асака шаҳридаги 11-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби доира мутахассислиги ўқувчиси Шохаббос Ўлмасбоев фахрли 1- ўринга, шунингдек, Андижон ихтисослаштирилган санъат мактаби "Хор дирижёрлиги" йўналиши ўқувчиси Меҳриноз Шукириллаева ҳамда Андижон шаҳридаги 3-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби фортепиано йўналиши ўқувчиси Шоҳжаҳон Ўлмасбоев 3- ўринга сазовор бўлди.

Танловда М. Тўлқинов томонидан ижро этилган П. Қодировнинг "Юлдузли тунлар" романидан Бобур монологи, А. Чеховнинг "Жон аччиғи" қиссасидан актёр монологи, А. Ориповнинг "Санъаткор" хикоясидан саҳна кўриниши, Д. Қўчқорова томонидан ижро этилган "Роҳат", "Табассум" ва "Кўнгил гулдастаси" сингари халқ куйлари, Меҳриноз Шукириллаева ижро этган қўшиқлар, Ш. Ўлмасбоевнинг доира ёрдамида ижро этган "Қашқарча" ўзбек халқ куйи, "Доира зарби термалари" томошабинлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

– Айниқса, Шоҳжаҳон Ўлмасбоевнинг фортепианода ижро этган "Прелюдия", "Болалар сонатаси", "Ноктюрн" куйлари томошабинларнинг алоҳида олқишига сазовор бўлди, – дейди унинг устози Холида Ҳакимова. – Ўқувчимнинг, умуман, юртимиз ёшлари эришган бу каби муваффақиятлар барчамизнинг қалбимизга фахр-ифтихор туйғусини солади.
Нуфузли халқаро фестивалда муваффақият қозонган иқтидорли ёшларимиз ишонамизки, келгусида яна кўплаб ютуқларни қўлга киритади. Чунки уларнинг қалбида ўзига ишонч, эртанги кунга умид бор, ортларида эса улар каби ёшларни ҳамиша қўллагувчи Ватани турибди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА