Андижонлик гимнастикачи қизлар ғолиб бўлди
Андижонда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллик байрами олдидан бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионати бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда хотин-қизлар спортини, хусусан, қизлар ўртасида спортнинг бадиий гимнастика турини оммалаштириш ва ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Юртимизда қизларнинг спортнинг ушбу тури билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шароитлар яратилган. Айниқса, турли мусобақаларнинг ўтказилиши бадиий гимнастика билан шуғулланаётган қизларнинг ўз иқтидор ва маҳоратларини тўлақонли намоён этишларига кенг имкон бермоқда.
Ёш спортчиларнинг маҳоратини ошириш, соғлом рақобат муҳитини мустаҳкамлаш ва бадиий гимнастикани янада ривожлантириш мақсадида Андижон вилояти спорт бошқармаси, бадиий гимнастика федерацияси ташаббуси билан Андижон шаҳридаги универсал спорт мажмуасида бадиий гимнастика бўйича ўтказилган республика очиқ чемпионатида республикамиз вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан ташриф буюрган 200 нафардан зиёд 5 ёшдан 17 ёшгача бўлган қизлар иштирок этиб, ғолиблик учун баҳс олиб борди.


– Иштирокчилар якка ва жамоавий чиқишлар орқали ўз маҳоратларини намойиш этди, – дейди Андижон вилояти гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби мураббийси, ҳакамлар ҳайъати раиси Муҳсина Фозилжонова. – Қатнашчилар чиройли чиқишлари билан спортнинг нафис тури ҳисобланган бадиий гимнастиканинг ўзига хос нозик жиҳатлари, техникасини пухта ўзлаштириб олганликларини кўрсата олди. Муҳими, спортнинг ушбу тури республикамизнинг барча ҳудудларида ривожланиб, маҳоратли гимнастикачилар сафи ортиб бораётганлиги барчамизни қувонтиради.


Қизиқарли баҳслар асосида ўтган республика очиқ чемпионатининг якуний натижаларига кўра, умумжамоа ҳисобида Андижон вилояти гимнастикачи қизлари фахрли биринчи ўринни қўлга киритди.
Мусобақада иккинчи ўрин Тошкент вилояти, учинчи ўрин эса Хоразм вилояти гимнастикачиларига насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом, тегишли медаль ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Шунингдек, мусобақанинг тақдирлаш маросими доирасида бадиий гимнастикани ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ мураббийлар ҳам муносиб рағбатлантирилди.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари