Андижонда янги товар брендлари яратилади
Андижон давлат техника институтида “Андижоннинг 100 та янги бренди” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда Адлия вазирининг ўринбосари Музаффар Икромов, Андижон вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Акмалжон Тўланов, тадбиркорлик субъектлари, соҳа экспертлари ва манфаатдор идоралар вакиллари иштирок этди.
– Семинар-тренингни ўтказишдан кўзланган мақсад, ҳудуддаги тадбиркорларнинг интеллектуал мулк соҳасидаги билимини ошириш, товар белгисига эгалик қилишнинг бизнес учун аҳамиятини тушунтиришга қаратилган. Қолаверса, уларга бу борада талабнома топширишларига амалий кўмак бериш, мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтаришдан иборат. Таъкидлаш керакки, мазкур йўналишда Андижонда амалга оширилаётган лойиҳа ўз брендига эга ёки уни яратиш ва рўйхатдан ўтказиш истагида бўлган камида 100 нафар тадбиркорни қамраб олиши кўзда тутилган, – дейди Адлия вазирининг ўринбосари Музаффар Икромов.


Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилда республика бўйича тадбиркорлик субъектларининг 6 минг 40 та товар белгиси давлат рўйхатидан ўтган. Уларнинг 133 таси ёки 2,2 фоизи Андижон вилояти ҳиссасига тўғри келган. Тадбирда ушбу кўрсаткични ошириш, маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги ва ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш масалаларига эътибор қаратиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Семинар давомида тадбиркорларнинг товар белгиларини яратиш, рўйхатдан ўтказиш ва ҳуқуқий муҳофаза қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, мутахассисларнинг “Товар белгиси – рақобат устунлиги”, “Бренд идентификацияси ва дизайн”, “Товар белгисини миллий ва халқаро тартибда рўйхатдан ўтказиш”, “Муваффақиятли бренд яратиш тажрибалари ҳамда товар белгисига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш” мавзуларидаги маърузалари тингланди.


Амалий машғулотлар доирасида иштирокчилар тайёрлаган логотиплар экспертлар томонидан кўриб чиқилди. Шунингдек, талабномани тўғри расмийлаштириш, ҳужжатлардаги эҳтимолий камчиликларни олдиндан бартараф этиш ва электрон тарзда топшириш бўйича тавсия ва маслаҳатлар берилди.
Мутахассислар томонидан мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш ва юқори даражага кўтариш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Тадбиркорлар мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.

Семинар-тренинг доирасида тадбиркорлар томонидан тайёрланган ва ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси намойиш этилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири