Андижонда рақобатбардош мебеллар ишлаб чиқарилади
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов тадбиркор ва ҳунармандлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Савдо-саноат палатаси Андижон вилоят бошқармасида мутасадди раҳбарлар, мебелсозлик фаолияти билан шуғулланувчи ҳунарманд ва тадбиркорлар иштирокида бўлиб ўтган мулоқотда мебелсозлик йўналишидаги ютуқ ва муаммолар, мавжуд имкониятлар хусусида сўз юритилди, тадбикорларнинг таклиф ва ташаббуслари эшитилди.

Мулоқотда вилоят ҳокими Андижон шаҳри, Андижон, Олтинкўл туманлари, умуман, вилоятнинг кўплаб ҳудудларида мебелсозлик жадал ривожланиб бораётганлигини таъкидлади. Хусусан, бугунги кунда андижонлик мебелсозлар томонидан тайёрланаётган сифатли, ранг-баранг мебеллар нафақат Андижон, балки Наманган, Фарғона, Сирдарё, Тошкент вилоятлари бозорларида сотилмоқда. Шунингдек, қўшни Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилинмоқда.
Мулоқотда хитойлик инвестор ва тадбиркорлар билан ҳамкорликда мебелсозлик йўналишида ҳам қатор лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилганлиги айтиб ўтилди. Жумладан, вилоятда иш олиб бораётган тадбиркор ва ҳунармандларнинг, шу билан бирга, хитойлик тадбиркорлар билан ҳамкорликдаги лойиҳаларни жойлаштириш учун Олтинкўл туманининг Уйғур маҳалласи ҳудудида мебелсозлик саноат зонасини ташкил этиш, кўплаб янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.

Учрашувда иштирокчиларга ташкил этиладиган ана шу саноат зонаси бўйича маълумотлар тақдим этилди. Тадбиркор ва ҳунармандлар мазкур ҳудудга жойлаштириладиган ўз лойиҳалари бўйича маълумотлар берди, таклифлар билдирди.
Айниқса, логистика хизматини ташкил этиш, ишлаб чиқариш учун зарур инфратузилма ва бошқа қатор қулайликлар яратиш, маҳсулот таннархини пасайтиришга қаратилган лойиҳалар вилоят раҳбари ва мутахассисларда катта қизиқиш уйғотди.

Ишлаб чиқарилаётган мебелларнинг айрим қисмларини вилоятнинг ўзида тайёрлашни йўлга қўйиш, маҳсулот таннархини 50 фоизгача камайтириш бўйича таклиф ва лойиҳалар юқори баҳоланди. Ана шу лойиҳаларни амалга ошириш орқали андижонлик мебелсозлар машҳур брендлар билан рақобатлаша оладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариши, дунё бозорига чиқиш имконига эга бўлиши алоҳида қайд этилди.
Вилоят ҳокими билдирилган таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашини, таклиф этилаётган лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур ёрдамлар кўрсатилишини таъкидлади.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари