Андижонда маҳалла раислари ўқитилмоқда
Андижон давлат университетида маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари учун ўқув семинари ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Маҳалла ва нуронийларни қўлаб-қувватлаш вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида маҳалла фуқаролар раислари учун мамлакатимизда маҳалла институтини ривожлантириш, маҳаллабай ишлаш тизимини шакллантириш, маҳалла раислари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, маҳалладаги муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш масалалари юзасидан ташкил этилган ўқув семинарининг биринчи босқич машғулотларига вилоятдаги 221 та маҳалла раиси жалб этилди.
– Ўқув семинарида маҳаллабай ишлаш тизимини жорий этиш, умуман, маҳалла раисларининг асосий фаолият йўналишлари бўйича ишларни самарали ташкил этиш юзасидан билимлар берилади, – дейди Андижон вилояти ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Муҳаммаджон Нишонов. – Айниқса, янги сайланган раисларнинг аҳоли билан ишлаш борасидаги билим, малака ва тажрибаларини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, вилоят ҳокимлиги, Адлия бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бошқармаси масъуллари, Андижон давлат университети профессор-ўқитувчилари иштирокидаги машғулотларда маҳалла раисларининг асосий вазифалари, хуқуқ ва мажбуриятлари, давлат органлари билан ҳамкорлигига доир ташкилий ва амалий масалалар хусусида кенг тушунча ва маълумотлар берилади.
Ўқув-семинар машғулотларига вилоятдаги 887 та маҳалла фуқаролар йиғини раислари босқичма-босқич жалб этилади.
[gallery-7818]
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),ЎзА