Андижонда илк бор “Яшил уйим” экологик фестивали ўтказилади
Жорий йилнинг 26 сентябрь куни Андижонда Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида “Яшил уйим” экологик фестивали ташкил этилади.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ахборот хизмати раҳбари Малика Мусаеванинг маълум қилишича, фестиваль экологик турмуш тарзини тарғиб қилиш, чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, замонавий илмий ва экологик ечимларни кенг оммалаштиришга қаратилган.
–Тадбир 26 сентябрь куни соат 12:00 дан 19:00 гача Андижон шаҳридаги “Berlin Zentrum” мажмуасида бўлиб ўтади. Экологик маданиятни шакллантириш кундалик одатлардан бошланади. Чиқиндиларни саралаш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитга масъулиятли муносабатни ҳаёт тарзига айлантириш муҳим. “Яшил уйим” фестивали ана шу масалаларни амалий мисоллар орқали кенг тарғиб этишга хизмат қилади.
Фестиваль дастуридан соҳа мутахассисларининг очиқ маърузалари, қайта ишлаш бўйича маҳорат дарслари, экологик маҳсулотлар ва илмий ишланмалар ярмаркаси, совринли ўйинлар ҳамда жонли мусиқа дастурлари ўрин олган. Асосий майдондаги маъруза ва машғулотлар малакали мутахассислар томонидан олиб борилади. Болалар учун мўлжалланган ҳудудда эса “Математика амалда” машғулоти, илмий тажрибалар намойиши, “Фикрлаб” китоб тақдимоти, “Менинг эко сумкам” машғулоти ва робототехника бўйича дарслар ташкил этилади, – деди Малика Мусаева.
Тадбир давомида экологик маҳсулотлар, маҳаллий ташаббуслар ва илмий ишланмалар ярмаркаси ҳам ташкил этилади. Шунингдек, батарейкалар, ишлатилган ўсимлик мойи, қоғоз, целлофан ва алюминий чиқиндиларини қабул қилиш учун махсус пунктлар фаолият юритади.
Фестиваль доирасида SWAP ҳудуди ҳам ташкил этилиб, иштирокчилар китоблар, гуллар ва турли буюмларни ўзаро алмашиш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, шахмат ўйнаш учун алоҳида майдон ажратилади.
Тадбир кундалик ҳаётда экологик масъулиятни кучайтириш, фойдали одатларни шакллантириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган амалий ечимларни оммалаштириш учун очиқ мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА