Андижонда ҳунармандчилик янада ривожланади
Мамлакатимизда кейинги йилларда ҳунармандлар, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, давлатимиз томонидан ҳунармандларга имтиёзли кредитлар ажратилмоқда, самарали иш олиб бориши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Натижада кулолчилик, ўймакорлик, темирчилик, пичоқчилик, дўппидўзлик, каштачилик, миллий матолар, қўғирчоқ, турли сувенирлар, миниатюра санъати ва бошқа ҳунармандчилик маҳсулотлари тайёрлаш билан шуғулланаётган, якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритаётган ҳунармандлар сафи ортиб бормоқда, юзлаб янги иш ўринлари яратилмоқда.
– Вилоятда ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури доирасида субсидиялар ажратиш ва “Уста-шогирд” мактабларини яратиш орқали ўтган 2023 йилда 5 минг 373 та янги иш ўрни яратилди, – дейди "Ҳунарманд" уюшмаси Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Араббоев. – Мустақил иш бошлаганларнинг 1 минг 423 нафари уста ҳунарманд, 3 минг 750 нафари шогирд мақомида иш олиб бормоқда.
Вилоятдаги 909 маҳалланинг 70 фоизида фуқаролар ҳунармандчиликнинг қайсидир йўналишида иш олиб боради. Ўнлаб маҳаллалар эса ҳунармандчиликнинг қайсидир турига ихтисослашган. Ҳунармандларнинг асосий қисми, масалан, 413 нафари миллий либослар, 849 нафари газлама ва чокли буюмлар (сўзана, каштадўзлик), 235 нафари ёғоч буюмлар, 242 нафари металл буюмлар(темирчи ва пичоқчи) тайёрлаш билан шуғулланади.
Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Аҳолини тадбиркорликка жалб этиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2023 йилда 1 миллиард 14 миллион сўмдан ортиқ маблағ ҳунармандчиликка йўналтирилиб, 1 минг 567 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Андижон вилоятида 2018-2023 йиллар ичида 13 нафар ҳунарманд давлатимизнинг юксак мукофоти – “Эл-юрт ҳурмати”, “Меҳнат шуҳрати”, “Шуҳрат”, “Жасорат” сингари орден ва медалларига сазовор бўлди.
[gallery-16056]
– Ҳукуматимизга, Президентимизга раҳмат, – дейди шаҳрихонлик дўппидўз Ёрқиной Тўйчиева. – Бугун юртимизда мен каби минглаб ҳунармандларнинг самарали иш олиб бориши учун зарур шароитлар яратиб берилмоқда, халқимизнинг нафақат дўппидўзлик, балки бошқа ҳунармандчилик йўналишларидаги қадим анъаналари давом эттирилмоқда. Қолаверса, меҳнатларимиз эътирофини топмоқда. Мен ҳам Президентимиз фармони билан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотландим.
Бугун вилоятда жуда кўп ҳунармандлар сулолалари фаолият юритмоқда. Жумладан, Андижон шаҳридан кулол уста Мирзабаҳром Абдуваҳобов, шаҳрихонлик пичоқчи уста Раҳматхўжа Алихўжаев, дўппидўз ҳунарманд Ёрқиной Тўйчиева, миллий тўн устаси Ҳафизахон Мамажонова, Андижон шаҳридан дўппидўз уста Режаббой Абдуллаев сингари усталар ҳунармандларнинг тўртинчи, еттинчи авлодлари саналади. Улар ўзларининг ҳунармандчилик мактабларини яратган усталардир.
Вилоят ҳокимлиги, “Ҳунарманд” уюшмаси вилояти бошқармаси томонидан вилоятнинг аҳоли ва меҳмонлар гавжум бўладиган масканларида савдо дўконлари очилишига, қатор кўргазма ва савдо ярмаркаларининг ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги ҳунармандчилик маҳсулотларининг оммалашишига, айниқса, юртимиз ва хорижлик туристлар томонидан харид қилинишига кенг имконият яратмоқда.
Масалан, ўтган йилнинг ўзида бир неча маротаба ҳунармандларнинг кўргазма-ярмаркалари, Андижон шаҳрида “Миллий қўғирчоқлар – миллий қадриятлар кўзгуси” номли республика фестивали ўтказилди.
Вилоятда жорий йилда ҳам ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича қатор режалар белгилаб олинган. Хусусан, банклар томонидан 35 миллиард 145 миллион сўм кредит, шунингдек, 4 миллиард 218 миллион сўм субсидия маблағи ажратилиши ҳисобига мазкур йўналишда 4 минг 888 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, Андижон шаҳри, Шаҳрихон туманларида ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма- савдо ярмаркалари, республика фестивали ўтказилиши белгиланган.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари