Андижонда газ таъминоти қандай аҳволда?
«Ҳудудгаз Андижон» масъулияти чекланган жамияти томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида аҳолига табиий ва суюлтирилган газ етказиб бериш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
«Ҳудудгаз Андижон» масъулияти чекланган жамияти томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида аҳолига табиий ва суюлтирилган газ етказиб бериш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
– Куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича ишлаб чиқилган дастурлар ижроси юзасидан белгиланган барча ишлар тегишли тартиблар асосида амалга оширилмоқда, – дейди «Ҳудудгаз Андижон» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Давронбек Салоҳиддинов. – Жумладан, жорий йилда вилоятда намунали лойиҳалар асосида барпо этилган 1 минг 400 уй-жойнинг 1 минг 81 таси табиий газ, қолганлари эса суюлтирилган газ билан таъминлаш, 8,9 километр масофага газ тармоғи тортиш режалаштирилган. Табиий газ билан таъминланадиган уйларнинг лойиҳа техник ҳужжатлари тайёрланиб, ҳозиргача 7,4 километр узунликдаги газ тармоғи тортилиб, табиий газ билан таъминланди. 319 янги хонадонга суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилди.
Ана шу ишлар натижасида аҳолига газ етказиб бериш ишлари тубдан яхшиланди. Айниқса, вилоятда суюлтирилган газ етказиб беришнинг янгича усули жорий этилганидан аҳоли беҳад мамнун бўлмоқда.
– Аввал аҳолидан маиший газ баллонлари йиғиб олиниб, бир-икки кун ичида тўлдириб олиб келиб берилар эди, – дейди Андижон туманидаги Янги йўл маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Мўминжон Юсупов. – Эндиликда газ идорасининг захира газ баллонлари тўлдирилган ҳолда олиб келиниб, аҳолининг тугаган газ баллонлари пешма-пеш алмаштириб берилмоқда. Бу билан аҳолига катта қулайлик яратилди, энди бир-икки кун газсиз ўтирмаймиз.
Андижон шаҳрида қурилган 14 кўп қаватли ҳамда ҳарбийлар, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар тизими ходимлари учун қурилган 5 та кўп қаватли хизмат уйларини газ билан таъминлаш учун ҳозирга қадар 2,7 километр узунликдаги газ тармоқлари тортилди, бу борадаги ишлар давом этмоқда.
Манзилли дастурга асосан Булоқбоши, Андижон туманларидаги ўрта босимли, ер ости газ тармоқларининг 3,5 километр қисми реконструкция қилинди. Натижада 10 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган ҳудуднинг табиий газ таъминоти тубдан яхшиланди.
Вилоятда ташкил этилган 20 дан ортиқ фарм, кичик саноат зоналари ва ҳудудларини куз-қиш мавсумида узлуксиз табиий газ билан таъминлаш мақсадида 5,3 километр масофада газ тармоғи тортилди. Бундан ташқари, қатор кичик саноат зоналари автоматик газ тақсимлаш шохобчаларидан узоқ масофада ва табиий газ танқис ҳудудларда жойлашганлиги боис, уларни муқобил энергия билан таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилди.
Вилоят бўйича 3 минг 796 газ тақсимлаш қурилмаси техник кўрикдан ўтказилди, 185,6 километр узунликдаги газ тармоқлари ҳаво босими ёрдамида тозаланди.
Аҳолига вилоятдаги бешта газ тўлдириш пункти орқали суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Фуқароларнинг талаб ва эҳтиёжидан келиб чиқиб 34 минг дона маиший газ баллони етказиб берилди.
Аҳолига қулайликлар яратиш, суюлтирилган газ билан таъминланиш даражасини яхшилаш мақсадида суюлтирилган газ тўлдирилган газ баллонлари тарқатишга мўлжалланган 7 дона «ИСУЗУ» русумли, 27-30 тонна ҳажмдаги суюлтирилган газ ташувчи 7 дона «МАН» русумли махсус автотранспорт воситалари харид қилиниб, газ тўлдириш станциялари ихтиёрига берилди. Ҳозирда шохобчаларда 79 дона махсус транспорт воситасидан фойдаланилмоқда. Шунингдек, Шаҳрихон, Қўрғонтепа ва Асака туманларидаги газ тўлдириш пунктлари ҳудудларида маиший газ баллонларни техник синовдан ўтказиш ва таъмирлаш марказлари ташкил этилди.
Соҳа мутахассислари томонидан корхона, ташкилот, муассасалар ҳамда аҳоли хонадонларидаги ностандарт иситиш қозонларни тежамкор замонавий қозонларга алмаштириш, газни тежамкорлик билан сарфлаш, шунингдек, газдан фойдаланишда техника ва ёнғин хавфсизлиги коидаларига риоя этишга қаратилган кенг кўламли тарғибот ва тушунтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Натижада турли объектлар, аҳоли хонадонларида ёнғинлар, газ билан боғлиқ кўнгилсизликлар келиб чиқишининг олди олинмоқда.
Вилоятда табиий ва суюлтирилган газ таъминоти билан боғлиқ барча ишлар белгиланган тартиб асосида изчил олиб борилмоқда. Бу албатта, куз-қиш мавсумининг кўнгилдагидек, талофатларсиз ўтишига хизмат қилади.