Андижонда экологик барқарорлик ва замонавий технологиялар уйғунлиги
Давлатимиз раҳбари 23 сентябрь куни Андижон вилоятига ташриф буюриб, ҳудудда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари, турли объектлар билан танишди, аҳоли билан суҳбатлашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Экологик партияси етакчиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев ўз муносабатини билдирди:
— Бугунги дунё оғир ва мураккаб синовларни бошдан кечираётган, иқтисодий беқарорликлар кўплаб давлатларни ноаниқлик исканжасига солиб қўйган, ҳатто етакчи давлатларнинг иқтисодиёти ҳам ўсиш суръатини сақлаб қолиш учун жон-жаҳди билан курашаётган бир паллада, мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор ўсишда давом этмоқда. Бу Президентимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат ва тинимсиз саъй-ҳаракатлар натижасидир.

Куни кеча Қорақалпоғистон Республикасида олиб борилаётган ислоҳотлар билан танишиб, бир қатор йирик лойиҳаларга старт берган давлатимиз раҳбари бугун Андижон вилоятида амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари, замонавий инфратузилма объектлари ва янги ишлаб чиқариш қувватлари билан танишмоқда. Шубҳасиз, буларнинг бари мамлакатимиз аҳолиси турмуш даражасини оширишга улкан ҳисса бўлиб қўшилмоқда.
Ташриф доирасида тақдим этилган 206 та инвестиция лойиҳасининг энергетика, тўқимачилик, машинасозлик, туризм, логистика, таълим, тиббиёт ва бошқа соҳаларни қамраб олгани Андижон вилоятида иқтисодий фаолликнинг кенгайиб бораётганини кўрсатади. Мазкур лойиҳаларнинг 98 таси ишга туширилиб, 108 та лойиҳанинг қурилишига старт берилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, лойиҳалар таркибида қуёш панеллари, микрогидроенергетика ускуналари, электр автобуслар, чиқиндиларни қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш каби йўналишларнинг мавжудлиги ҳудудда “яшил” иқтисодиёт элементларини кенгайтириш учун муҳим имкониятлар яратади. Аҳоли зич ва ер ресурслари чекланган Андижон учун бундай экоташаббусларнинг қўлланилиши, айниқса, долзарб.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш бугунги кун талабига айланган. Айни шу мақсадда давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан “Андижон Жинлун янги энергия” корхонаси ташкил этилмоқда. Андижонда кичик ва микроГЕСлар учун зарур ускуналарни ишлаб чиқаришга қаратилган мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши маҳаллий саноатни ривожлантириш билан бирга, вилоятнинг мавжуд сув ресурсларидан янада оқилона ва самарали фойдаланиш имконини беради.
Умуман олганда, Андижон вилоятида амалга оширилаётган лойиҳалар мисолида иқтисодий ўсиш, илғор технологиялар, аҳоли бандлиги ва экологик барқарорлик масалалари бир-бири билан чамбарчас ва уйғун ҳолда олиб борилаётганини яққол кўриш мумкин. Албатта, ушбу жараёнларнинг сифатли ва манзилли амалга ошишида партиямиз вакиллари ва парламент ҳамда Маҳаллий Кенгаш депутатларимиз билан биргаликда камарбаста бўламиз.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА