Андижонда 181 мингдан зиёд объект хатловдан ўтказилди
Давлат Кадастр агентлиги ҳамда Кадастрлар палатаси Андижон вилояти бошқармалари томонидан вилоятда уй-жой ва бошқа кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиш, ҳуқуқий ҳужжатлаштириш ишларини ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, 2024 йил 5 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонунида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси томонидан тақдим этилган маълумотларга асосан, жорий йилнинг ўтган даври давомида вилоятдаги 181 минг 421 та объект хатловдан ўтказилган.

Хатловдан ўтказилган объектларнинг 130 минг 200 таси “UZKAD” миллий кадастр тизимига киритилди. Шунингдек, 90 минг 245 та объект “E’tirof” автоматлаштирилган ахборот тизимига жойлаштирилди.
Энг муҳими, ана шу жараёнда 15 минг 340 нафар фуқаронинг ер майдонлари ва уларда қурилган бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқлари эътироф этилди.
Қонун ижроси доирасида амалга оширилаётган хатлов жараёни аҳолининг мулкий ҳуқуқларини мустаҳкамлашга, маълумотларнинг аниқлиги ва шаффофлигини таъминлашга, ер ва биноларни давлат рўйхатидан ўтказишни соддалаштиришга хизмат қилиш билан бирга, фуқароларга катта қулайлик яратмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири.