Андижон вилоятида сервис тармоғи ривожланмоқда
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари ва иқтисодий жараёнлар ҳудудларнинг иқтисодий инфраструктураси ҳамда ижтимоий ривожининг бош омилига айланди. Айниқса, бу борада молия муассасалари ва банкларнинг ўзига хос ҳиссаси борлиги эътиборга молик.
Хусусан, республикамизда сервис тармоғини қўллаб-қувватлаш борасида масъул саналган “Ўзмиллийбанк” АЖ янги-янги лойиҳалар ва ташаббусларни амалга оширишда фаол иштирок этмоқда.
Жумладан, 2021 йилдаги “Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2022 йилдаги “Хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижроси таъминланиши натижасида Андижон вилоятида ҳам хизматлар соҳасини янада кенгайтиришга имкон яратилди ва ўтган 3 йилда:
- Хизматлар ҳажми - 2 баробарга ўсиб, 2023 йил якуни билан 21,8 трлн.сўмга етди.
- Соҳалар кесимида:
- овқатланиш ва таълим хизматлари ҳажми 2,5 баробар;
- молия тиббиёт ва маиший хизматлар 2 баробар;

- Вилоятда аҳоли жон бошига хизматлар ҳажми 1,9баробарга ўсиб, 2023 йил якуни билан 6,5 млн.сўмга етди.
- Тижорат банклари томонидан 7 504 та лойиҳаларга жами 3,3 трлн.сўм кредит маблағлари ажратилди .

- 8 939 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, уларнинг сони 13902 тага етказилди.
- 2023 йилда хизматлар соҳасида жами 97 мингта иш ўринлари яратилиб, жами банд аҳоли сони 1,3 млн.нафарни, бандлик даражаси эса 73 фоизни ташкил этди.

2024 йилда Андижон вилоятида хизматлар соҳасини ривожлантириш орқали умумий овқатланиш ва савдо хизматларида, таълим ва тиббиёт хизматларида, молиявий хизматларда, ўзини ўзи банд қилиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш режалаштирилди.

Шунингдек, хизматлар ва туризм соҳасини ривожлантириш учун қуйидаги йўналишларни ривожлантиришга эътибор қаратилади:
Биринчидан, вилоятда тиббиёт туризмини ривожлантириш эвазига янги хусусий тиббиёт муассасалари барпо этиш ҳамда 2024 йил якуни билан соғлиқни сақлаш хизматларини 1,4 баробарга ошириш имконияти мавжуд.
Иккинчидан, Қирғизистон Республикаси билан чегарадош Хонобод шаҳри, Марҳамат, Хўжаобод ва Пахтаобод туманларида давлат чегара постлари атрофида замонавий савдо ва сервис ҳамда транспорт логистика хизматларини ривожлантириш мақсадга мувофиқ. Шу сабабли, ушбу шаҳар ва туманларда жорий йилда 100 га яқин савдо ва хостеллар ҳамда 50 дан ортиқ умумий овқатланиш объектлари ташкил этилиши режалаштирилган.
Учинчидан, Андижон вилоятининг Хонобод шаҳри, Марҳамат, Хўжаобод ва Булоқбоши туманларида зиёрат, экстремал ва рекреацион туризм хизматларини ривожлантириш имкониятлари мавжуд.
2024 йилда ушбу ҳудудларда янги меҳмонхона ва хостеллар, савдо ҳамда умумий овқатланиш объектлари ташкил этиш орқали йил якуни билан туризм хизматлари ҳажмини 1,3 баробарга ошириш имконияти мавжуд.

Умуман олганда, Андижон вилоятида 2024 йилда:
- 4 мингта янги савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ишга тушириш белгилаб олинди;
- тижорат банклари томонидан хизмат кўрсатиш корхоналарини қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 1 трлн. сўмлик кредитлар ажратиш чоралари кўрилади;
- хизматлар соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар сони 20 минг тага етказилиши;
- хизматлар ҳажми 28 трлн. сўмга етказилиши ҳамда ўсиш суръати 117 фоизни ташкил этиши;
- аҳоли жон бошига кўрсатилган хизматлар ҳажми 6,5 млн.сўмдан 8 млн.сўмга ошиб, 2020 йилга нисбатан 2,3 баробарга кўпайиши кутилмоқда.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
матбуот хизмати