Андижон кузнинг олтин рангларига бурканди
Куз фасли Андижонга ўзгача файз ва тароват бағишламоқда. Шаҳар кўчалари, боғ ва хиёбонларидаги дарахтлар сарғиш, қизғиш ва тилларанг тусга кириб, атрофга бетакрор гўзаллик бахш этган.
Айниқса, айни кунларда шаҳарнинг сўлим масканлари, сайилгоҳ ва хиёбонларида кузнинг ажиб манзараларини кузатиш мумкин. Майин шабадада тебранаётган дарахт шохлари, ерга оҳиста тўкилаётган хазонлар, турфа рангларга бурканган табиат кишига ўзгача завқ ва хотиржамлик бағишлайди.
Кузнинг мўътадил об-ҳавоси шаҳар аҳолиси учун очиқ ҳавода сайр қилиш, оила даврасида ҳордиқ чиқариш ва табиат гўзаллигидан баҳраманд бўлишга қулай имконият яратмоқда. Хиёбонларда сайр қилаётган оилалар, ёшлар ва нуронийлар шаҳарнинг осойишта ҳаётига янада файз бағишлайди.
Дарахтлардан тўкилган тилларанг барглар йўлаклар узра гўё табиий гилам тўшагандек. Куз қуёши нурларида товланаётган дарахтлар, озода кўчалар ва обод масканлар Андижоннинг кўркам қиёфасини янада жозибадор этмоқда.
Шаҳарнинг яшил ҳудудлари нафақат аҳоли дам олиши учун қулай муҳит яратиш, балки экологик мувозанатни сақлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Боғ ва хиёбонларни асраб-авайлаш, дарахтларга ғамхўрлик қилиш атроф-муҳит мусаффолиги ҳамда шаҳар ободлигини таъминлашнинг муҳим омилларидандир.
[gallery-32224]
Дарҳақиқат, куз — табиатнинг энг нафис ва сокин фаслларидан бири. Андижоннинг бугунги манзараларида ҳам унинг ўзига хос таровати, ранглар жилоси ва бетакрор гўзаллиги яққол намоён бўлмоқда.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА