ANATOMICÁ – мамлакатимиз тиббиётининг овози!
Онамнинг ўрни жуда билиняпти! Насиҳатларини соғиндим. Ғамхўрлиги, меҳри, ҳаётий тажрибасини ҳам. Ота уйимдан келин бўлиб кетганимдан сўнг ҳам барча муҳим босқичлардан онам билан бирга ўтганмиз. Илк бора боламнинг иситмаси чиқиши, қорни дам бўлиши, ваннада чўмилтиришим, эмланиши...
Онамнинг отамга кўрсатган ғамхўрлигидан ўрнак олиб, турмуш ўртоғимга муносабатим шаклланди. Онамнинг берган тарбиясига қараб, фарзандларимнинг таълими, соғлигига ёндашдим...

“Муҳаррир мактуби” рукни остида сўзлаб берилган мазкур воқеа муаллифи ANATOMICÁ журналининг бош муҳарири Барно Икрамова бўлиб, муҳаррир томонидан ўқувчиларга “Оила сиз учун нима? мавзуси ўртага ташланди. Шунингдек, журналнинг навбатдаги сонида экспертлар томонидан оила мавзусига оид турли маълумотлар тақдим этилди.
ANATOMICÁ журналининг ташкил топганига икки йил тўлди. Пойтахтимизда мазкур журналнинг ташкил топган санасига бағишланган тантанали тадбир ташкил этилди ҳамда журналнинг янги сони намойиши ва таҳририят томонидан икки йил давомида амалга оширилган ижтимоий фотолойиҳаларнинг кўргазмаси очилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда журнал бош муҳаррири Барно Икрамова, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Э.Боситхонова, инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Ш.Турдиқулова, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Ш.Қудратхўжа, клиника раҳбарлари, шифокорлар ва нашр ҳамкорлари иштирок этди.
Қайд этилишича, ўтган икки йил давомида журналнинг саккизта сони ўзбек, рус тилларида, 3 000 – 5 000 ададда, ҳар чоракда нашрдан чиқди. Ушбу қисқа вақт давомида журнал сонларида 300 дан ортиқ мақолалар чоп этилди. Уларда муаллифлар инсон ҳаётидаги долзарб мавзуларга жамият эътиборини қаратишга ҳаракат қилди.
Шунингдек, мазкур журналда тутинган оилалардаги болалар билан муносабатларни йўлга қўйиш, уларда содир бўладиган руҳий ўзгаришлар, витилиго касаллигига чалинган инсонларга нисбатан камситиш муаммоларини бартараф этиш, ногиронлиги бўлган инсонларнинг ҳаётда, спорт ва санъатда ирода кучи ила юксак марраларни забт этишга чорлаш, уйда руҳий соғлигида муаммоси бўлган болаларни тарбиялаш каби ижтимоий аҳамиятли мавзулар кенг ёритиб борилади.

ANATOMICÁ журнали таҳририяти соҳада илғор фаолият юритган, юксак натижаларга эришган бирламчи бўғин тиббиёт ходимлари учун махсус “Ифтихор” мукофотини таъсис этди. Жорий йилда ўз касбий мажбуриятларини бажаришда фидоийлик кўрсатган участка шифокорлари, ҳамширалар, “Тез ёрдам” фельдшерлари, санитар аёллар, “Тез ёрдам” автомобиллари ҳайдовчилари мазкур мукофотни қўлга киритишга муваффақ бўлди.
Шунингдек, таҳририят 2021 йилда тиббий туристларни энг кўп жалб қилган тиббиёт муассасаларини махсус номинацияда эътироф этди. Бундан ташқари, давлат ва хусусий тиббий клиникалар фаолияти (таҳлиллар, мақолалар, интервьюлар, фотолойиҳалар, клиникаларнинг афзалликлари, усуллари ва даволаш самарадорлигини кўрсатган ҳолда уларга уюштирилган виртуал турлар), олимларимиз ва тиббиётчиларимиз ютуқларини ёритиш орқали мамлакатимиз тиббиётининг овозига айланди.
Аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, мамлакатимиз тиббиётини оммалаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантиришга доир масалалар, шу жумладан соғлиқни сақлаш тизимида ўтказилаётган трансформация ва модернизация ишларини ёритиш, тиббий клиникалар ва муассасалар иши, тиббиёт соҳасидаги ютуқларни ANATOMICÁ медиа платформаси воситасида тарғиб қилиш журналнинг асосий мақсадидир.
Бугунги кунда журнал тиббий туризмнинг ривожланиши ва оммалашувига кўмаклашиб келмоқда. Тиббий хизматнинг юқори сифатини юзага чиқаришга ёрдам бериб, республикамиз худудларида жойлашган санатор-курорт сиҳатгоҳлар, тиббий клиникалар ва етакчи марказлар ҳақида оммага кенг маълумотлар етказиб бермоқда.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ANATOMICÁ журналининг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар фотокўргазмаси Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида жорий йилнинг 27 декабрига қадар ўтказилади.
Фотокўргазмада таҳририятнинг Эрнест Куртвелиев, Нанахан, Анастасия Шадиева, Виталий Мун, Константин Болотов, Евгения Арутюнова, Александр Борисов ва Малена Раджюс, Сергей Урунбаев каби фотосуратчилар билан ҳамкорликдаги лойиҳалари намойиш этилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА