Анъанавий хакатоннинг очилиши бўлиб ўтди
Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида очиқ маълумотлардан фойдаланган ҳолда иловалар ишлаб чиқиш бўйича ҳар йили ўтказиладиган "Open Data Challenge – 2019" хакатон танлови бошланди.
Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида очиқ маълумотлардан фойдаланган ҳолда иловалар ишлаб чиқиш бўйича ҳар йили ўтказиладиган "Open Data Challenge – 2019" хакатон танлови бошланди.
Танлов Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки, Давлат статистика қўмитаси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Жаҳон банки, мамлакатимиздаги БМТ Тараққиёт дастури, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ҳамкорлигида ташкил этилди.


Танловнинг асосий вазифаси Ўзбекистон давлат органларининг очиқ маълумотлар портали (data.gov.uz) ва расмий веб-сайтларида фойдаланиш мумкин бўлган очиқ маълумотлар ҳамда хусусий сектор томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган ижтимоий аҳамиятга молик ёки инновацион иловалар ёки сервисларни яратишдир.
Анъанага кўра, хакатон уч кун давом этади. Танлов дастури АКТ, дастурлаш ва маълумотлар (дата) журналистикаси соҳасидаги машҳур мутахассисларнинг маърузалари ва семинарларини ўз ичига олади. "Open Data Challenge – 2019"нинг биринчи кунида таништирув, ўқув ва таълим тадбирлари бўлиб ўтди. Уларда дата-журналистикаси ҳамда очиқ маълумотлар билан боғлиқ муаммолар, Ўзбекистонда уларни ривожлантириш истиқболларига бағишланган тақдимотлар ўтказилди. Тренинглар жараёнида хакатон иштирокчилари замонавий дата-журналистикасида қўлланилаётган услублар ва технологиялар ҳақида маълумотга эга бўлди, маълумотларни таҳлил қилиш асослари, уларни график акс эттириш учун зарур воситалар ва мобиль иловаларни яратишни ўрганди.


Хакатоннинг асосий тадбирлари 14-15 декабрь кунлари бўлиб ўтади. Бу вақтда саралаб олинган дастурчилар жамоалари ўзларининг мавҳум ғояларини янги веб ва мобиль сервислар тимсоллари ёки альфа-турига айлантиришлари керак бўлади. Бу жараёнда улар олдинги ишланмалари ва модулларидан фойдаланиши мумкин, бироқ мавжуд бўлган софтдан фойдаланиш тақиқланади.
Икки кунлик қизғин ишлардан сўнг янги ижтимоий фойдали лойиҳалар – жамият ҳаётининг турли соҳалари учун мобиль ва веб-иловалар, қурилмалар яратилади.


15 декабрь куни танлов иштирокчилари ҳайъат аъзоларига ўз ишланмаларини намойиш этади. Фақат энг яхши деб топилган жамоаларгина "Open Data Challenge – 2019" танлови ғолиби бўлади.