“Anadolu”: Янги Тошкентда 2,5 миллиард долларлик 10 та йирик лойиҳага старт берилди
Туркиянинг “Anadolu” ахборот агентлиги Янги Тошкентда 10 та йирик лойиҳа қурилишига старт берилгани ҳақида хабар берди.
Қайд этилишича, Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентда бунёд этилган иншоотларни ишга тушириш ва янги лойиҳаларнинг қурилишига старт бериш маросимида қатнашган.
“Анадолу” хабар беришича, янги лойиҳалар доирасида турар жойлар ва жамоат бинолари, бизнес ва савдо марказлари, меҳмонхона, шифохона, хизмат кўрсатиш ҳамда инфратузилма объектлари қурилади. Туркия, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари компаниялари иштирокидаги лойиҳалар Янги Тошкентни ишбилармонлик, туризм ва маданият маркази сифатида ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шунингдек, шаҳарда 2 минг гектар яшил ҳудуд ва 500 гектар истироҳат боғлари ташкил этиш, “Яшил қурилиш” стандартлари асосида 150 миллион квадрат метр турар жой ва тижорат майдони қуриш режалаштирилган.
Маросимда турар жойлар, университет, жамоат бинолари ва инфратузилма объектларини ўз ичига олган, умумий қиймати 1 миллиард доллар бўлган 7 та объект ҳам фойдаланишга топширилган.
Д.ҲАКИМОВ,
ЎзА