Aнадолу: Ўзбекистон раҳбари МДҲ доирасида янги ташаббусларини илгари сурди
Транспорт логистикаси, озиқ-овқат хавфсизлиги ва кибер жиноятчиликка қарши кураш – Ўзбекистоннинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасидаги ҳамкорлик бўйича таклифларида устувор ўрин эгаллади. Туркиянинг “Anadolu” агентлиги 9 октябрь куни эълон қилган материалда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Авазада ўтган МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши мажлисидаги ташаббусларини ёритди.
Хабарга кўра, Ўзбекистон раҳбари минтақадаги ўзгаришлар шароитида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва эришилган келишувларни амалий натижалар билан таъминлаш муҳимлигини таъкидлаган. Иқтисодий ҳамкорликни товар айирбошлашдан қўшма ишлаб чиқариш ва қўшимча қиймат занжири яратиш босқичига олиб чиқишга чақирган.
Транспорт соҳасида интеграциялашган логистика марказлари ташкил этиш, транзит харажатини қисқартириш, юк ташиш қоидасини уйғунлаштириш орқали МДҲнинг ягона транспорт ахборот тизимини шакллантириш таклиф этилди. Мирзиёев Туркманистоннинг 2029 йилни МДҲда Транспорт боғлиқлиги йили сифатида эълон қилиш ташаббусини ҳам қўллаб-қувватлади.
Озиқ-овқат хавфсизлиги масаласида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини давлат хариди тизимига ўзаро киритиш жараёнини ривожлантириш, озиқ-овқат ва ўғит экспортига чеклов жорий қилишдан олдин ҳамкорларни хабардор қилиш механизмини жорий этиш зарурлиги қайд этилди. Бу таклифлар минтақавий бозорда барқарорликни таъминлашга қаратилган.
Президент ресурслардан самарали фойдаланиш ва айланма иқтисодиёт бўйича МДҲ концепциясини ишлаб чиқиш, креатив индустрия соҳасида форум ташкил этиш ҳамда трансчегаравий кибер жиноятларга тезкор жавоб бериш учун қўшма алоқа маркази тузиш ташаббусини ҳам илгари сурди.
Мақолада Ўзбекистоннинг 2027 йил МДҲ раислигига тайёрлик кўриши ҳам қайд этилган. Илгари сурилган таклифлар мамлакатнинг минтақавий иқтисодий ҳамкорлик, транспорт боғлиқлиги ва рақамли хавфсизлик масалаларидаги кун тартибини акс эттиради.
Мусулмон Зиё, ЎзА