Anadolu: Эрдоған Туркия коинот соҳасида тўхтамаслигини билдирди
Анталияда бўлиб ўтаётган 77-Халқаро астронавтика конгресси очилишида сўзлаган Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған мамлакат жаҳон коиноти соҳасида етакчи ва ҳурматга сазовор кучга айлангунига қадар, миллий фазовий дастурни изчил амалга оширишини таъкидлади.
Мамлакат тўсиқларга қарамай, сунъий йўлдош ва Ойни тадқиқ этиш соҳаларида салмоқли ютуқларга эришганини қайд этган Эрдоған махсус дастур доирасида яратилган 3,5 тонналик фазовий қурилмани ишлаб чиқариш ва интеграциялаш жараёни якунлангани, жараёнда маҳаллий эҳтиёт қисмлар улуши 80 фоиздан ошганини ифтихор билан маълум қилди.
Шунингдек, Туркиянинг илк миллий алоқа сунъий йўлдоши бўлмиш “Türksat-6A” ва 97 давлатдан 730 000 дан зиёд жамоани жалб этган “Teknofest” фестивали мамлакатнинг муҳандислик ва технологик салоҳиятини яққол кўрсатиб бергани айтиб ўтилди.
Етакчи Сомалида амалга оширилаётган қўшма лойиҳа Африка фазовий экотизими ва Туркиянинг космосга чиқиш имкониятини ривожлантиришга хизмат қилишини билдирди. Бундан ташқари Эрдоған самовий тадқиқот саноқли давлатлар монополияси ва қуролланиш пойгасига айланмаслиги кераклигини алоҳида уқтириб, коинотни ҳарбийлаштиришга қарши чиқди.
Анжуман илк бор Туркияда ўтказилаётганини мамнуният билан қайд этган Президент ушбу анжуман барча иштирокчи мамлакатлар ва инсониятнинг умумий келажаги учун манфаатли бўлишига умид билдирди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА