Ҳамма тўй билан, бўри қўй биланми?
Ҳозирги пайтда Тошкент шаҳридан вилоятларга йўл олаётган шахсий автомашиналар тураргоҳларининг барчасида худди шу манзара: нарх-наво икки-уч баробар ошиб кетган!
Шахсий фикр
Жаҳон аҳлини бирдек бош қотиришга мажбур қилиб турган коронавирус муаммоси ҳақидаги турли асосли-асоссиз хабарлардан бугун барча бохабар. Хусусан, ушбу вирус мамлакатимизда ҳам кузатилгани ва бу бўйича давлатимиз томонидан зарур тадбирлар амалга оширилаётганини ҳам биламиз.
Аммо мени бошқа нарса ўйлантирди. Очиғи, кўнглимга тегди. Бу шахсий автомашинаси билан кира қилиб вилоятларга қатновчи ҳайдовчиларнинг сунъий равишда йўлкира нархини ошириб юборганидир.
Масалан, Сурхондарё-Тошкент йўналишида йўл кира нархи одатда 100, 120 минг сўм атрофида эди. Бугун 16 мартда эса бу нарх 300 минг сўмдан 350 минг сўмгача кўтарилиб кетди.
Водий вилоятлари ва Тошкент шаҳри оралиғида қатновчи машиналарда эса нарх ўсиши янада “қизғин“ кечди. Фарғона шаҳрига 50-60 минг сўм билан қатнайдиган автомобиллар бугун 150-200 минг атрофида нарх белгилаб олишган. Тўғри, юртимизнинг аҳоли нисбатан зич жойлашган водий вилоятларида одам кўп, қатновчи кўп, эҳтиёж ҳам шунга яраша. Аммо инсоф сари барака деган гап ҳам бор. Одамларга ҳам ҳайронсан, шу пулни топиб кетишяпти.
Ҳозирги пайтда Тошкент шаҳридан вилоятларга йўл олаётган шахсий автомашиналар тураргоҳларининг барчасида худди шу манзара: нарх-наво икки-уч баробар ошиб кетган!
Хўш, нега шундай? Одамларнинг ҳаракатига, ташвишларига қараб туриб ажабландим. Хўп, вирус пайдо бўлибди. Бизнинг қуёшли диёрга ҳам етиб келибди. Кимлардир унга чалинибди ҳам. Нима бўпти шунга? Аввало, нега ваҳима қилиб, инига сув кирган чумолидек зир югуриш керак? Кўпга келган тўй, деган гапни ҳам шу халқ айтган-ку. Баҳор қуёшига, унинг бир маромдаги сафарига боқиб ўйладим, кеча ҳам шу офтоб бор эди, эртага ҳам порлаб туради. Аммо биз ичи тор одамлар-чи... ҳозир ойга ракета қатнови ташкил қилинибди, чипта нархи фалон сўм, деган гап тарқаса, шу ҳақдаям жиддий ўйлаб қоладиган одамларни кўрдим бугун. Аммо ҳар доимгидек, хотиржам, борига шукр қилиб ва бепарво ҳам бўлмасдан, дейлик врачнинг кўрсатмаларини бажариб юрган кишилар ҳам бисёр.
Хўп, байрам нафаси кезиб турган паллада шаҳар аҳли тоғу қирларга, ота қишлоқларига шошилиши табиий, шундай вазиятда, айрим шоввоз ҳайдовчиларнинг “Ҳамма тўй билан, бўри қўй билан“ қабилида иш кўриб, отнинг ўлими — итнинг байрами, деб нархни ошириб, бойиб қолиш, ўзларининг тили билан айтганда “ишлаб олиш”га ружу қўйиши жуда уятли, ачинарли манзара.
Ваҳоланки, давлат томонидан барча вилоятларга поезд ва автобусларда ҳам, ҳаво йўлларида ҳам қўшимча қатновлар қўйилди. Ҳамма — талаба ҳам, меҳмонлар ҳам, хизмат сафаридаги кишилар ҳам аста-секин манзилига етиб олади. Шундай бўлгач, одамларнинг соддалиги, ишонувчанлигидан фойдаланиб қолиш пайида бўлган ҳайдовчи биродарларга инсоф сўраймиз. Айни пайтда халққа қайишиб, унинг ёнини олиб, нима бўлса ҳам заҳматкаш одамларимиз, талаба фарзандларимиз қийналмасин, деб бор имкониятни ишга солаётган мутасаддилар ана шу масалани ҳам назоратга олса нур устига нур бўлар эди. Тағин бир нарсани айтишни истардим: минг-минг йилларки, не-не синовларни кўрган, барисидан омон ўтиб келган халқимиз буни ҳам енгиб ўтади. Бунга сира шубҳа йўқ.
Шодмонқул САЛОМ