Амир Темурнинг Кўксарой ва Бўстонсаройини излаб (+видео)
9 апрель – Соҳибқирон Амир Темур туғилган кун
Бугунги кунда Самарқанд шаҳрининг маркази ҳисобланган ва Кўксарой майдони деб номланадиган ҳудудда XIV асрда Соҳибқирон Амир Темур томонидан арк қурилгани, бу ерда Кўксарой ва Бўстонсарой, бир қатор иншоотлар бўлгани тарихий манбаларда қайд этилган. Лекин ҳозирда бу иншоотларнинг номи бўлса-да, улардан ҳеч қандай нишон, из қолмаган –вайрон этилган, кўмиб юборилган ва, ҳатто, устидан бинолар қурилган.
– Биз турган жой Самарқанд шаҳрининг табаррук масканларидан бири ҳисобланади, – дейди Самарқанд археология институти илмий ходими, тажрибали археолог олим Амриддин Бердимуродов. – Бу ерда XIV асрда Соҳибқирон Амир Темур томонидан арки аъло бунёд этилган. Тарихий манбаларда арк 36 гектар ҳудудни эгаллагани, атрофи мустаҳкам мудофаа девори билан ўралгани ва унинг ортида сув оқиб турадиган чуқур хандақ бўлгани, иншоотга бир томондан кириб чиқилгани баён қилинган. Тарихчи Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, арк ичида тўрт қаватли Кўксарой ва Бўстонсарой бўлган. Бу саройларда Соҳибқироннинг хазинаси, кутубхонаси, ҳашаматли заллар жойлашган.Шунингдек, аркдаги ҳунармандчилик устахоналарида кеча-ю кундуз қуроллар ясалган. Буюк жаҳонгир ушбу арки аълода ўтириб, давлатни бошқарган.
Бундан ташқари, аркда Шайх Нуриддин Басир шарафига мақбара бунёд этилган. Яна Паздавий деган авлиёнинг ва бошқа улуғ зотларнинг мақбаралари ҳам жойлашган. Бу сарой ва иншоотлар XIX асргача ҳам яхши сақланган. Шунинг учун чор Россияси томонидан Самарқанд босиб олингач, рус қўшинлари аркда жойлашган ва бу ер ҳарбий гарнизонга айлантирилган. Лекин кейинчалик аркдаги сарой ва бошқа обидалар бузиб ташланган Чунки, маҳаллий аҳоли турли байрамлар, маълум бир кунларда аркдаги мақбара ва қадамжоларни зиёрат қилиб турган. Аҳолининг бу ерга тез-тез келишидан чўчиган чор Россияси қўшинлари аста-секин аркдаги иншоотлар, обидаларни вайрон қилган. Жумладан, Шайх Нуриддин Басир мақбарасидан ҳам дастлаб омбор сифатида фойдаланиб, кейинчалик уни портлатиб юборишгани ҳақида маълумотлар бор. Ўша пайтда Самарқанд қозикалони бўлган Амир Тоҳирхўжа Шайх Нуриддин Басир қабрини Шоҳи Зинда қабристонига кўчирган.
– Шу йил февраль ойида вилоят ҳокими тарихчи олимлар, зиёлилар билан учрашганда Самарқанд тарихини чуқур ўрганиш ва тадқиқ этиш ҳақида гапириб, жумладан, Амир Темур арки қолдиқларини топиш ва бу масканни очиқ осмон остидаги музей сифатида халқимизга, дунё аҳлига кўрсатиш зарурлигини таъкидлаганди, – дея сўзида давом этади Амриддин Бердимуродов. – Табиийки, бу ташаббус биз археологларга жуда маъқул келди ва ўз таклифларимизни билдирдик. Тўғри, бу иш осон эмас, қадимий арк ҳудудида шу пайтгача кўплаб қурилиш ишлари амалга оширилган, маданий қатламлар бузилиб, ўзгариб кетган. Арк ҳудудидаги бирорта бино-иншоотнинг тепа қисми қолмаган, фақатгина Бухоро амирлари даврида қурилган ҳаммомларнинг қолдиқлари сақланиб қолган. Лекин тупроқ остида Кўксарой ва Бўстонсаройнинг, бу ердаги мақбараларнинг девор ёки пойдеворлари сақланиб қолган бўлиши мумкин. Ҳозир илмий ходимларимиз бу ерда археологик қазишма ишларини бошлади ва Амир Темур арки изларини топишимизга ишонамиз.
Таъкидлаш лозимки, вилоят ҳокими ва тарихчи олимлар учрашувидан сўнг Самарқанднинг тарихи, маданияти, меъморий ва археологик ёдгорликларини ўрганиш мақсадида вилоят ҳокимлиги ҳузурида илмий жамоатчилик кенгаши тузилиб, амалга ошириладиган ишларнинг йўл харитаси ишлаб чиқилди, бир нечта илмий-ижодий гуруҳлар тузилди. Амир Темур арки ўрнини аниқлаш мақсадида Кўксарой майдонида қазишма ишларини олиб бориш Самарқанд археология институти олимлари зиммасига тушди.
– Амир Темур арки ҳудуди ҳозирга қадар тизимли равишда археологик нуқтаи назардан тадқиқ этилмаган, – дейди Самарқанд археология институти директори Мўминхон Саидов. – Тўғри, 1981-1982 йилларда, 90 йиллар бошида археологик назорат ишлари олиб борилган ва бу кўпроқ ушбу ҳудудда амалга оширилган қурилиш ишлари давомида чуқурликлар қазилганда археологик назорат тартибида бажарилган, холос. Биз бу ерда тадқиқот ишларига киришишдан олдин шу пайтгача ҳудудда олиб борилган археологик назорат ишлари хулосалари, архив ҳужжатлари, ёзма манбалар ҳамда картографик маълумотларни таҳлил қилдик. Ҳисоботларда шундай фикрларни ҳам ўқидикки, уларда баён этилишича, археологлар келиб назорат ишларини олиб боргунга қадар ҳам жуда катта қазиш ишлари амалга оширилган, аммо ҳудуд ва бу ердаги топилмалар мукаммал ўрганилмаган, бунга умуман эътибор қаратилмаган.
[gallery-22713]
Ўзбекистон Республикаси миллий архив фондида сақланаётган, ҳарбий топографлар томонидан тузилган 1870 йилга мансуб харита ва фотосуратларда Амир Темур арки ҳудудидаги Кўксарой ва Бўстонсарой, Шайх Нуриддин Басир мақбараси ўрни аниқ кўрсатилган. Ушбу харитани мутахассисларни жалб қилган ҳолда ҳозирги харита билан қиёсладик, қолаверса, геосканер орқали ҳудудни ўргандик ва дастлаб Шайх Нуриддин Басир мақбараси ўрнини аниқлашга қарор қилдик. Бир ҳафтадан буён бу ерда қазишма ишларини олиб боряпмиз. Ҳозирча 1,5 метрдан ортиқ қатламни кавлаш жараёнида асосан чиқинди аралаш тупроқ олинди. Бу кейинги юз йилда ушбу ҳудуд рельефи ўзгариб кетгани, қайта-қайта қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилгани, текислаб юборилганини кўрсатади. 1,5-2 метр чуқурликдаги қазишмадан сўнг XVII-XVIII асрларга оид қатлам бошланиб, сопол буюмлари, парчалари чиқяпти, 3-4 та танга ҳам топилди. Шу тарзда мақбара ўрнини аниқлаб олганимиздан сўнг кейинги йўналишда Кўксарой ва Бўстонсарой бўйича қазишма ишларини олиб борамиз. Бу борада ҳам дастлабки маълумотларга эгамиз ва бу иш тизимли равишда амалга оширилади.
Мўминхон Саидовнинг қайд этишича, археологик илмий ҳисоботларда ҳозирга қадар бу ерда 3 та ҳаммом бўлгани, улардан иккитаси XIV-XV асрларда, биттаси XVII-XIX асрларда қурилгани баён қилинган. Темурийлар бунёд этган ҳаммомлар XVI асрдан бошлаб вайронага айлангач, Бухоро амирлари томонидан ҳудудда янги ҳаммомлар қурилган. Бу арк ҳудудида бир нечта мақбара ва муқаддас қадамжолар бўлгани, одамлар дастлаб ҳаммомларда покланиб, сўнгра ушбу масканларни зиёрат қилиш учун кирганидан далолат беради. Шундай таомилни Шоҳизинда ёдгорлиги мисолида ҳам кўришимиз мумкин, яъни ушбу зиёратгоҳ дарвозаси олдида ҳаммом бўлган ва бу ҳаммом қолдиқлари ҳозирга қадар сақланиб қолган.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/3ea0ajtmjfk" title="9 aprel – Sohibqiron Amir Temur tug‘ilgan kun" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Айтиш мумкинки, бугун самарқандлик археологлар Амир Темур арки ҳудудидаги қадимий сарой ва мақбаралар, иншоотлар ўрнини аниқлаб, бу масканни очиқ осмон остидаги музей, маърифат масканига айлантириш борасидаги илмий изланишларга астойдил киришганлар.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат, видео),
ЎзА мухбирлари