Амир Темур жанговар байроғи Бухорода (+видео)
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан армия тизимида таъсис этилган Амир Темур жанговар байроғи мукофотининг бу галги танлов ғолиби Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округи дея эътироф этилган эди.
Байроқ кўҳна ва боқий Бухорога олиб келинди. Бухоро шаҳридаги “Универсал” спорт мажмуасида вилоят ҳокимлиги, округ қўмондонлиги, барча куч тузилмалари ходимлари, давлат ва жамоат ташкилоти вакиллари ҳамда ёшлар иштирокида Соҳибқирон байроғини тантанали кутиб олиш маросими ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янгради.
Тадбирда Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округи қўшинлари қўмондони, генерал-майор Фарҳоджон Шерматов Амир Темур жанговар байроғининг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жанговар байроқ билан берилган дипломни ўқиб эшиттирди.
[gallery-21428]
Шундан сўнг, вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Ботир Зарипов Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округи қўшинлари қўмондонлиги ва барча бухороликларни Амир Темур жанговар байроғи қўлга киритилганлиги билан табриклади ва бу барча учун ғурур, ифтихор эканлигини таъкидлади.
Ҳар икки йилда ўтказиладиган мусобақаларда Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округи қўшинлари қўмондонлиги ғолибликни қўлга киритиб, “Амир Темур жанговар байроғи”га сазовор бўлганлиги бугун барчамизнинг қалбимизни қувончга тўлдирмоқда.
– Амир Темур жанговар байроғининг бугун Бухорога келтирилишида чуқур рамзий маъно ҳам бор, – деди вилоят раҳбари ўз табригида. Бухоро азалдан буюк сиймолар, илм-фан намояндалари, етук уламоларни етиштирган заминдир. Буюк Соҳибқироннинг оналари ҳам Бухоро фарзанди. Қолаверса, Амир Темур бобомиз барпо этган буюк салтанатнинг ривожланиши, тараққий этишида ушбу кўҳна шаҳарнинг ўрни беқиёсдир. Амир Темур жанговар байроғининг Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округига берилиши барча бухороликлар қалбида чексиз ғурур уйғотди. Жанговар байроқда Соҳибқирон бобомизнинг “Давлат лашкару фуқароларнинг садоқати ва фидойилиги ила қудратлидир” деган тузуги ёзилганлиги, “Темур тузуклари” асрлар оша авлодлар учун Ватанга садоқат, адолат, мардлик ва жасурлик намунаси бўлиб келаётганлигининг далилидир.
Тантанада жамоатчилик ва ёшлар вакиллари ҳам сўзга чиқди. Шунингдек, театр ижодкорлари томонидан тайёрланган Амир Темур ҳаётидан парча намойиши барчага яхши кайфият бағишлади.
Шундан сўнг ҳарбий оркестр садолари остида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи, Амир Темур жанговар байроғи ҳамда Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирлиги байроқлари спорт мажмуаси бўйлаб олиб ўтилди.
Тадбир ҳарбийлаштирилган кўргазмали чиқишлар, вилоят санъат усталари томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди. Тадбирнинг иккинчи қисми кўҳна Арк қўрғонида давом этди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/_lFacUDHHxc?si=1hWGdTzvaXKAi5-k" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (видео+сурат), ЎзА мухбирлари