Амир Темур – Иккинчи Ренессанс ҳомийси
Шу кунларда мамлакатимизда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 685 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Барча гўшаларда Соҳибқироннинг эзгу ғояси — катта бунёдкорлик ишлари давом этмоқда. Бугунги ёшларимизда улуғ бобокалонимиз шахсияти ва ибратига бўлган қизиқиш ҳар қачонгидан кучлироқдир.
Башарият учун Соҳибқирон маънавияти ва шижоати, адолатли сиёсати юксак ибрат ва бой тажриба намунаси бўлиб келаётганлиги эътиборга молик.
Буюк Соҳибқирон Амир Темур нафақат Марказий Осиё, балки дунёнинг кўпгина мамлакатлари тарихида ўчмас из қолдирган давлат арбоби, шавкатли саркарда ва илм-фан ҳомийсидир. Амир Темур ва темурийлар даври давлатчилиги ҳамда маънавияти ўз салоҳияти, мазмуни, тарбиявий кучи, таъсири билан халқимиз тарихида алоҳида ўрин тутади.
Инсоният тарихида ўчмас из қолдирган жаҳонгирлардан 27 ўлкани бирлаштирган Соҳибқирон Амир Темур ўзининг бой маънавий олами билан алоҳида аҳамият касб этади. Эҳтимолки, дунё Соҳибқирон сингари китобга ғоят меҳр қўйган жаҳонгирни ҳали кўрмаган. Аксарият йирик ҳукмдорлардан култепага айланган шаҳарлар, куйдирилган равоқлар қолди. Аммо Соҳибқирон Амир Темур бунёдкор саркарда сифатида улуғланади. Шунинг учун ҳам Амир Темур ҳақида Ғарбу Шарқда жуда кўп китоблар битилган. Бу асарларнинг бир қисми тарихий бўлса, бошқаси бадиийдир.
Дунё илмий жамоатчилиги ўтган олти юз йил мобайнида Амир Темурга бағишлаб Европа тилларида 500 дан зиёд, Шарқ тилларида эса 900 га яқин йирик тарихий асарлар ёзди. Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома», Ибн Арабшоҳнинг «Темур ҳақидаги хабарларда тақдир ажойиботлари», Ғарбда эса Руи Гонсалес де Клавихонинг «Буюк Темур», шунингдек, Гётенинг «Ғарбу Шарқ девони»да битта бобни «Темурнома» деб номлаши ҳам бежиз эмас эди.
Амир Темурнинг буюк қонуншунос ва давлат арбоби эканлиги «Темур тузуклари»дан аён. Тарихчи олимларнинг таъкидлашича, «Темур тузуклари» ўз замонасининг энг сермазмун ва қимматли асаридир. «Темур тузуклари»ни давлатчиликнинг мукаммал концепцияси, ҳеч қачон нурамайдиган маънавий обида, дейиш мумкин. Чунки озод инсоннинг ҳақ-ҳуқуқлари ва халқнинг манфаати учун ёзилган бундай нодир сиёсий қўлланма бошқа халқлар тарихида деярли учрамайди.
«Тузуклар»да келтирилади: «Дилда эътиқод бутун бўлса, асло наслимиз йўқолмагай, тилимиз унутилмагай. Эътиқод сусайса тил эмас, иймон ҳам унутилгай... Ҳақиқат – сиҳат-саломатлик, ҳақиқат – тартиб, ҳақиқат – адолат демакдир. Куч – адолатдадир».
Буюк Соҳибқироннинг ҳаёти «Куч – адолатда» деган ҳикмат билан йўғрилган. Шу боисдан ҳам у тиклаган қадим Самарқанд XIV асрда дунёнинг энг кўркам ва илм-маърифат ривож топган шаҳри бўлган. Амир Темурнинг ижтимоий адолатга оид тамойиллари вақт ўтиши билан ўзининг ўта ҳаётийлигини исботлади. Соҳибқирон асос солган давлат қонун-қоидалари, давлатчилик принциплари ҳозиргача дунё олимларининг эътирофида бўлиб келмоқда.
Соҳибқирон фаолиятидаги биз учун ибратли жиҳатлардан яна бири, у савдо-иқтисодий муносабатлари орқали халқлар, мамлакатлар ўртасида ягона макон барпо этиш соҳасида улкан ютуқларга эришган.Амир Темур иқтисодиётни ҳар қандай салтанатнинг муҳим пойдевори, деб тушунган. «Давлату салтанат, – дея таъкидлайди Темур ўзининг «Тузуклари»да, – уч нарса билан – мулк, хазина ва лашкар билан тирикдир». Бу билан Амир Темур давлатнинг яшаши ва унинг ижтимоий ривожи учун, аввало, иқтисодий имкониятларга эга бўлиши зарурлигини айтади. «Темур тузуклари»га мурожаат этган ҳар бир инсон, билими ва касби-коридан қатъи назар, ўз мақсади, қизиқишлари ҳамда келажаги учун катта дастур олади.
Масалан, ҳарбийлар мукаммал ҳарб илми, қурувчилар – меъморий, дипломатлар юксак муомала санъати, спортчилар – ғалабага бўлган интилиш ва метин ирода каби сифатларни бекаму кўст ўрганадилар.
Бугунги кунда темурий қадамжоларда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари барча юртдошларимизга фахр бағишлайди. Соҳибқирон айтганидек, «Қудратимизга шубҳа қилганлар, биз қурган иморатларга боқсунлар». Бу моддий ва маънавий бунёдкорлик юртимизнинг нурафшон келажагидан далолат беради. Зеро, буюк давлат қуришдек мақсад сари бораётган эканмиз, ўтмишнинг маънавий тамойиллари бизни адолатли йўллар орқали юксак тараққиётга олиб бориши шубҳасиз.
Бунёд Насимов,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси бошлиғи маслаҳатчиси.