Америкадаги икки йил аввалги хотиралар
Мана яна навбатдаги сафар... Сафар манзили Тошкент – Нью-Йорк – Вашингтон..."Америка орзуси" сари.
Мана яна навбатдаги сафар... Сафар манзили Тошкент – Нью-Йорк – Вашингтон..."Америка орзуси" сари.
Американинг Нью-Йорк шаҳридаги Жон Кеннеди номидаги халқаро аэропортига қўндик. Ваҳима қиладиган ҳеч қандай манзара йўқ. Худди ўзимиздагидек одатий аэропорт, фақатгина рўйхатдан ўтишда аэропорт ходими инглиз тилида мурожаат қилмоқда. У паспортга муҳр қўйдида "Welcоme to USA", деб кулимсираб қўйди.
Аэропорт биносининг архитектураси ўзгача услубда, атрофи тоза, сариқ рангдаги таксиларнинг бири тўхтаб, бири манзил сари ошиқмоқда. Мен шерикларимга қараб, “Эй дўстлар, биз қаердамиз ўзи? Манхэттен, осмонўпар бинолар, Озодлик ҳайкали қани?”, деб сўрадим. Бизни кутиб олишга чиққан элчихона вакили Аббат ака кулимсираб, “Биз шаҳар чекасидамиз, сиз айтаётган жойлар бу ердан узоқроқда. Ҳамма автобусга”, деб йўл бошлади.
Автобус ҳайдовчиси қора танли гавдали йигит экан. Саломлашиб, уни суҳбатга чорладик. Исми Вагит экан. Биз ҳазиллашиб Абдувоҳид, деб унга мурожаат қилдик. Жуда самимий ва очиқкўнгил йигит экан. Йўл-йўлакай штатларни таништириб кетди. Гарчи инглиз тилини барчамиз бирдек яхши билмасакда, гапларини илғаб олишга ҳаракат қилдик. Океан яқинлиги учун ҳудуд табиати мусаффо, атроф яшилликка бурканган. Равон йўллар, осма кўприклар, йўл бўйидаги белгилар, огоҳлантирувчи ёзувлар, буларнинг барчаси инсонларга қулайлик яратиш учун хизмат қилмоқда. Ўша машҳур тарихий Бруклин кўприги ("The Brooklyn Bridge") устидан ўтиб борар эканмиз, атрофдаги ўзгача манзарадан барчамизнинг ҳайратимиз ошди. Бруклин ёшлари ўз орзусига эришиш ва жамиятда ўз ўрнини топиш учун айнан шу кўприкдан Манхэттен (Manhattan) тарафга ўта туриб ният қилишар экан. Хуллас, биз ҳам йўл-йўлакай орзу ва ният қилишдан тўхтамадик.

Нью-Йоркдан Филадельфия, Нью Жерси, Мэриленд штатлари орқали ўтиб Американинг биринчи президенти номидаги пойтахт Вашингтон шаҳрига етиб келдик. Шаҳарга кириб келар эканмиз, мен яна “Баланд бинолар қани?”, деган саволни ўртага ташладим. Қолган шерикларимни ҳам шу савол ўйлантираётган экан. Бизга изоҳ беришди: Вашингтонда баланд бинолар йўқ. Сабаби бу шаҳар сиёсий вақонунларга бўйсинадиган муниципал пойтахт ҳисобланиб, марказда жойлашган машҳур Капитолий биносидан баланд бино қуриш ман этилган. Бу АҚШдаги қонун устуворлигидан дарак.
Меҳмонхонага жойлашгач, бироз дам олиб кўчага чиқдик. Дунёга машҳур Оқ уй "The White house" тарафга юрдик. Атрофга чалғиб, қайси кўчага бурилишни билмай турган эдик, сал нарида турган полиция зобити бизга керакли йўналишни кўрсатиб, қўлини фуражкасига теккизиб қўйди. Оқ уй кўчасида турар эканмиз, тарихий жой, унинг ён-атрофидаги такрорланмас гўзалликдан баҳра олдик. Қалин дарахтзор ва ям-яшил газон оралаб олмахонлар югуриб юрибди. Пойтахт кўчалари тартибли бўлишига қарамай парковка муаммоси ҳам мавжуд экан.
Хуллас, шаҳарнинг тарихий ва диққатга сазовор замонавий жойларини қисқа вақт ичида айланган бўлсак-да, жуда кўп таассуротлар олдик. Яна бир бор АҚШда кўришгунча деб, Она Ватанга қайтдик!





АҚШ, 2018 йил 13 май