Амалий тайёргарлик – фуқаролар ҳаётини сақлашда асосий омил
Сирдарё вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан "Аҳолини зилзилага тайёрлаш ҳафталиги" давомида юқори қаватли турар жойларда навбатдаги амалий ўқув машғулоти ўтказилди.
Машғулотлар давомида аҳолига зилзила вақтида бинони хавфсиз тарзда тарк этиш, юқори қаватларда қолиб кетганларни махсус авто нарвонлар ёрдамида эвакуация қилиш ҳамда жабрланганларга тезкор биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш амалиётлари батафсил ўргатилди. Иштирокчилар амалиётда турли сценарийлар, жумладан оғир шароитда қутқарув ва эвакуация жараёнларини амалга ошириш имкониятига эга бўлишди.


Сирдарё вилоят ФВБ Ахборот хизмати бошлиғи, капитан Давронбек Сулаймоновнинг таъкидлашича, бундай амалий машғулотлар нафақат қутқарув хизматларининг жанговар тайёргарлигини оширади, балки фуқароларнинг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш кўникмаларини шакллантиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга.


– Ҳар бир бино ва ҳар бир оилада аҳоли зилзила ва бошқа фавқулодда вазиятларга тайёр бўлиши керак. Машғулотлар жараёнида фуқароларнинг амалиётда қатнашиши уларнинг хавфсизлик маданиятини ошириш ва жамоавий масъулият руҳини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, тайёргарлик ва амалий кўникмалар аҳолининг ҳаёти учун аҳамияти катта. Машғулотларда иштирок этиш ҳар бир фуқарога фавқулодда вазиятда қандай ҳаракат қилишни ўргатади ва эҳтимолий талафотларни камайтиради, – дейди Д. Сулаймонов.

Машғулотлар нафақат техник ва амалий кўникмаларни ривожлантиришга, балки жамоавий масъулият ва ҳамжиҳатлик руҳини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Бу эса аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва талафотларни камайтиришда асосий омил сифатида намоён бўлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири