Амалий натижаларга ҳамкорликда қадам
Коронавирус инфекциясига қарши курашиб, катта тажриба тўплаган хитойлик шифокорлар мамлакатимизда бўлиб турибди.
Коронавирус инфекциясига қарши курашиб, катта тажриба тўплаган хитойлик шифокорлар мамлакатимизда бўлиб турибди. Бугун улар Наманганда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишмоқда.
Меҳмонларни Наманган вилояти коронавирус инфекциясига қарши курашиш ишларини мувофиқлаштириш штаби раҳбари Пахриддин Маткаримов ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов кутиб олишди. Меҳмонлар аввал мувофиқлаштириш штаби фаолияти билан яқиндан танишди.
Хитойнинг Жянг провинциясидан келган 7 нафар шифокор вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида ташкил этилган видеоконференцияда иштирок этишди. Тадбир олдидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбар ва мутахассислари иштирокидаги учрашувда вилоятдаги эпидемиологик вазият хусусида маълумот берилди. Бошқарма бош мутахассиси Дилшод Ҳошимов карантин тадбирларининг кўлами, коронавирусга чалинган беморларни соғайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Айни вақтда 43 нафар беморнинг тўлиқ соғайганлигини таъкидланди.
Бошқармада шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари ҳамда вилоят даволаш-профилактика муассасалари билан онлайн тарзда видеомулоқот ўтказилди. Норин, Наманган ва Чуст туманларининг тиббиёт бирлашмаларидан, шунингдек, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва бошқа муассасалардан тушган саволларга хитойлик мутахассислар ўз тажрибаларидан келиб чиқиб батафсил жавоб берди.

Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидаги олиб борилаётган даволаш ишлари билан меҳмонларни онлайн орқали таништирилиб атрофлича маълумотлар берилди. Шифохона мутахасисилари савол-жавоблар натижасида хасталикни самарали бартараф этиш юзасидан чинлик ҳамкасбларидан амалий тавсиялар олишди.
Видео-мулоқотда меҳмон шифокорлар Хитойда эпидемия даврида кўрилган чоралар, коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқариш борасидаги тадқиқотлар тўғрисида тўхталиб, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишда тиббиёт ходимларини ишончли ҳимоялаш бўйича эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар хусусида тавсиялар берди.
- Биз мамлакатингизнинг кўп жойларида бўлдик. COVID-19 инфексиясига қарши кескин чоралар кўрилган, дейди — доктор Ванг Ван Чун. – Кўчалар бўм-бўш. Демак, давлат томонидан олиб борилаётган ишларни аҳоли қўллаб-қувватламоқда. Бу эса ҳукумат билан халқ ўртасидаги алоқа жуда яхши ўрнатилганидан дарак. Ҳозирги шароитда биринчи қиладиган ишимиз профилактикани яхши йўлга қўйиш. Вакцина топилмаган бўлса ҳам касаллик тарқалишини шу йўл билан жиловлаш мумкин. Яқин орада осойишта ҳаётга қайтилади. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Хитой азалдан ҳамкор. Шунинг учун ҳам мамлакатингизга беғараз ёрдамга келдик. Тавсия ва маслаҳатларимиз орқали короновирус инфекцияси хавфини камайтиришга кўмак берамиз.
Улуғбек РЎЗИМАТОВ