Алоқадамисиз, демак, улар ўз иш жойида!
Сўнгги кунларда қишнинг қаҳратони янада кўпроқ сезилаётган вақтда совуқни совуқ, қорни қор, демай аҳоли учун қулайликлар яратишга, сифатли хизматни таъминлашга барча имкониятларни сарфлаётган касб эгаларини фидойилар дейишимиз мумкин. Бу касб эгалари борки, уларнинг меҳнатини эътироф этмай бўлмайди.
Телефонингиз ишлаяптими, яқинларингиз билан алоқа борми, телевизорингиз кўрсатиб, радионгиздан сиз учун ёқимли тароналар тараляптими, интернет орқали янги Ўзбекистон ва жаҳонда содир бўлаётган охирги янгиликлардан воқиф бўлиб боряпсизми, демак, улар иш жойида!
Рақамли технологиялар вазирлиги ва унинг тизимидаги алоқа учун масъул корхона ва ташкилот ходимлари мамлакатимизнинг турли бурчакларига ўрнатилган телерадиоузатиш ва мобил станцияларнинг созлигини таъминлаш учун қаҳратон қишда ҳам ўз масъулиятини ҳис қилган ҳолда меҳнат қилмоқда:
Навбатчи бригадалар томонидан база станцияларни электр токи билан таъминлашни доимий равишда назорат қилиб борилмоқда.
Зарурат туғилса, қўшимча аккумуляторлар ва дизель генераторлар ишга туширилмоқда. Фойдаланилаётган оддий дизель ёқилғисига махсус аралашмалар қўшилмоқда – шунинг учун ҳам улар экстремал даражадаги паст ҳароратда ҳам «яхлаб қолгани» йўқ.
Нафақат қиш кунлари, балки ҳаво очиқ кунларда ҳам етиб бориш қийин, ҳатто мумкин бўлмаган ҳудудларда тезкор хизматлар фаолияти учун тўлиқ приводли автомобиллар ёрдам бермоқда.
Ноқулай об-ҳаво ва йўлда ҳаракатланиш учун шароитлар ҳар қанча мураккаб бўлмасин, фидокорлик билан хизмат қилаётган жамоалар бор.
Айнан ушбу ходимларнинг ҳаракати туфайли Ўзбекистон аҳли яқинлари билан алоқада қолмоқда ва интернет хизматларидан фойдаланишмоқда.
ЎзА