Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциясининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ишга туширилди
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциясининг расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари фаолияти йўлга қўйилди.
Энди фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ва соҳадаги бошқа манфаатдор томонлар Инспекция фаолиятига оид долзарб ва расмий маълумотларни ягона ахборот манбалари орқали олишлари мумкин.
Инспекциянинг расмий веб-сайтида алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш, қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан назорат, тадбиркорлик субъектлари ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, соҳани ривожлантиришга қаратилган комплекс дастурлар ҳамда ишлаб чиқариш ва улгуржи савдо фаолиятини лицензиялашга оид маълумотлар мунтазам ёритиб борилади.
Шунингдек, акциз сиёсати самарадорлигини таъминлаш, соғлом рақобат муҳитини қўллаб-қувватлаш, замонавий ахборот тизимларини жорий этиш, ҳуқуқбузарликлар ва яширин иқтисодий фаолиятни аниқлаш ҳамда уларнинг профилактикаси, хавфларни таҳлил қилиш ва мониторинг йўналишларидаги ишлар ҳақида ҳам ахборотлар тақдим этилади.
Расмий ахборот манбаларида Инспекция фаолиятига оид янгиликлар, ҳуқуқий тушунтиришлар, расмий муносабатлар, таҳлилий материаллар ва жамоатчилик учун долзарб маълумотлар ҳам мунтазам эълон қилиб борилади.
Инспекциянинг расмий веб-сайти: at-inspeksiya.uz
Расмий Telegram канали: @at_inspeksiya
Ҳамроз Баёнов,ЎзА