Алкоголь маҳсулотлари мусодара қилинди
Божхона органлари томонидан спирт ва алкоголь маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига қарши тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Сирдарё туманидаги “Сирдарё” чегара божхона постига кириб келган “MAN” русумли юк автотранспорт воситаси божхона назоратидан ўтказилди. Автотранспорт воситасининг ён сандиғида юк-кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда айтилмаган қиймати 33 миллион сўмлик 22 дона “JACK DANIELS” (1L, 40%) номли виски алкоголь маҳсулотлари борлиги аниқланди.

Шунингдек, “Малик” божхона пунктида “VAZ-21063” русумли автотранспорт воситаси белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилганда қиймати 23 миллион сўм бўлган 23 дона “Jameson” номли алкоголь маҳсулотлари борлиги аниқланган. Яна бир ҳолатда, ушбу пунктга кириб келган “Нексия” русумли автотранспортда 60 дона 0,5 литрлик идишларда “Шымкентское” номли пиво маҳсулотларини қайта сотиш учун олиб кирилаётганлиги аниқланди.
Бундан ташқари, “Сирдарё” чегара божхона пости орқали кириб келган “Mercedes Benz” русумли юк автотранспорт воситасида қиймати 16,5 миллион сўмлик 26 дона 12 литр спиртли ичимлик ва 6 дона 5 литрли елим идишларда жами 30 литр таркибида техник спирт бўлган тиббиёт асбоблари учун тозалаш воситалари борлиги аниқланган.

Сирдарё вилояти божхона бошқармаси томонидан 2023 йил бошидан буён қиймати 196 миллион сўмга тенг 27 та шу каби ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, жами 1013 литр спирт ва алкоголь маҳсулотлари тўхтатиб қолинган.
Ҳозирда ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ш.Суяров, ЎзА.