Алишер Навоий асарларида Амир Темур сиймоси: тарихий ҳақиқат ва бадиий тафаккур
Алишер Навоий даҳоси фақат бетакрор сўз санъати билан ўлчанмайди. Буюк мутафаккир миллат тарихи ва давлатчилик пойдеворини ҳам теран мушоҳада қилган. Унинг ўндан ортиқ асарларида Амир Темур сиймоси бевосита ёки билвосита намоён бўлади. Навоий Соҳибқиронни оддий ҳукмдор эмас, балки миллат қудратининг енгилмас тимсоли сифатида тараннум этади. Бу битиклар орқали биз туркий давлатчиликнинг энг шонли даврини ҳис қиламиз.
Адабиётшунос олима Буробия Ражабованинг ёзишича, улуғ шоир ўз меросида Амир Темур сиймосини турли усулларда ёдга олади. Дастлабки йўналишда бевосита мақтовлар ва очиқ эътирофлар кўзга ташланади. Мутафаккир улуғ салтанат асосчисини “шоҳи исломпаноҳ”, “тўрт улус хони” ва “жаҳон хони” каби юксак мақомлар билан улуғлайди. Иккинчи усул эса мураккаб адабий ечимга эга. Бунда Навоий яширин ишоралар, яъни талмеҳ санъатидан маҳорат билан фойдаланади. Айниқса, “Хамса” достонларининг муқаддималарида бу усул яққол кўринади. Султон Ҳусайн Бойқарога бағишланган бобларда Соҳибқирон номи улуғвор оҳангда тилга олинади.
Учинчи йўналишда шоир ўз фикрларини бошқа ижодкорларнинг қарашлари билан бойитади. “Ҳолати Паҳлавон Муҳаммад” асари бунга ёрқин далилдир. Навоий ушбу битикда устозининг мусиқа илмидаги салоҳиятини юксак баҳолайди. Мумтоз мусиқанинг “сайди ғазол” йўлида куйланган байт чуқур таҳлилга тортилади. Унда Ҳусайн Бойқаронинг келиб чиқиши Умаршайх орқали бевосита Темурга боғланиши эътироф этилади. Бу орқали мутафаккир темурийлар сулоласининг асил негизини халқ хотирасида мустаҳкамлайди. Олам садафи бундай дурни ҳеч қачон кўрмагани алоҳида таъкидланади.
“Алишер Навоий энциклопедияси”да ёзилишича, Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонида Соҳибқирон образи янада кенгроқ ёритилади. Навоий мазкур асарнинг саккизинчи мақолатини вафо ва аҳд мавзусига бағишлайди. Ушбу қисмда “Икки вафолиқ ёр” ҳикояти келтирилади. Бу ҳикоятнинг бош қаҳрамони айнан Амир Темурдир. Воқеалар Соҳибқироннинг Шимолий Ҳиндистонни забт этиши фонида кечади. Мутафаккир шу орқали кечиримлилик, аҳдга садоқат ва вафо каби хислатларни тараннум этади. Бу фазилатлар барча ҳукмдорлар учун асосий йўриқнома бўлиши кераклиги уқтирилади. Ушбу достонда Навоий ўн уч адолатли ҳукмдорни номма-ном санайди.
Илм-фан ва маърифат тарғиботи “Фарҳод ва Ширин” достонида юқори чўққига чиқади. Навоий шаҳзода Абдулфаворис Шоҳғариб Мирзога қарата панд-насиҳат қилади. Шоир илм ўрганишда Мирзо Улуғбекни ўрнак қилиб кўрсатади. Улуғбек Мирзо матнда “Темурхон наслидин” дея алоҳида фахр билан тилга олинади. Бу орқали Соҳибқиронга юксак ҳурмат кўрсатилади ва темурийларнинг илмпарварлиги тасдиқланади. 1018 юлдуз тадқиқ қилинган “Зижи Кўрагоний” асари шунчаки пайдо бўлмагани асосланади. “Сабъаи сайёр” достонида эса Ҳусайн Бойқаронинг икки томонлама темурий эканлиги очиқланади.
Навоий миллат тили ва адабиёти ривожини ҳам бевосита Соҳибқирон номи билан боғлайди. “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида бу ҳақиқат теран мушоҳада қилинади. Ҳулагухон замонидан то Амир Темур давригача туркий тилда етук шоирлар чиқмагани айтилади. Айнан Темур Кўрагон ва Шоҳрух Мирзо замонига келиб туркий шеърият гуллаб-яшнайди. Саккокий, Атоий ва Гадоий каби ижодкорлар шу даврнинг мевасидир. “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида эса Амир Темурнинг ўзи ижодкорлар қаторида саналиб, унинг сўз санъатини чуқур тушунгани далилланади. Соҳибқирон шеър ёзмаса ҳам, ҳикматли байтларни ўз ўрнида қўллай олган.
Давлатчилик тартиб-қоидалари “Муншаот” асаридаги мактубларда яққол кўринади. Навоий Бадиуззамон Мирзони отаси Ҳусайн Бойқарога нисбатан итоаткор бўлишга чақиради. Масжиди жомеларда ҳар жума хутбаси Амир Темур номи билан ўқилиши эслатилади. Бу ота-боболар руҳига ва салтанат асосчисига бўлган чексиз эҳтиром белгиси эди. Навоий бу орқали шаҳзодани сиёсий хатолардан огоҳлантиради. Токи Марокашгача мулк эгалланса ҳам, отага қарши чиқиш ҳалокат келтиришини уқтиради. “Насойим ул-муҳаббат” тазкирасидаги маълумотлар эса Темурнинг яна бир қиррасини очади. Хўжа Боязид, Бобо Сунгу каби авлиёлар билан боғлиқ воқеаларда Соҳибқироннинг закийлиги ва мадад сўраши баён қилинади. Унда ҳукмдорнинг мардлиги ва Оллоҳ иноятини юксак қадрлаши намоён бўлади.
Буюк бобокалонимиз Алишер Навоийнинг мероси тарихий ҳақиқат ва бадиий тафаккурнинг бебаҳо хазинасидир. У Амир Темур сиймоси орқали ўзбек давлатчилигининг мустаҳкам пойдеворини келажак авлодларга кўрсатиб берган. Мутафаккир асарларидаги ҳар бир ишора миллат ғурурини юксалтиришга хизмат қилади. Бу битиклар бугунги авлодни улуғ аждодларнинг яратувчанлик салоҳиятидан ибрат олишга ундайди. Шонли тарихимизни теран англаш ва ундан фахрланиш туйғуси айнан шундай ўлмас асарлар орқали қалбимизга сингади. Аждодлар яратган буюк тарих ҳеч қачон унутилмайди ва у ҳамиша миллатимизнинг йўлчи юлдузи бўлиб қолади.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА