Алиментчи ота қарзини бирдан тўлади
Қарздор Б.Рахимов фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро судининг 2017 йил 7 ноябрдаги ҳал қилув қарорига асосан турмуш ўртоғи фуқаро Ш.Комилова фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг олтидан бир қисмдан кам бўлмаган миқдорда алимент тўлаши лозим эди.
Мажбурий ижро бюроси Жондор тумани бўлими давлат ижрочиси қарздор Б.Рахимовни бир неча маротаба ўз вақтида фарзанди моддий таъминотини бажаришини эслатиб, огоҳлантирган. Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида ҳолат юзасидан Б.Рахимовга маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Қарздор 17 ой давомида 13 миллион 453 минг сўм алимент тўловларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган.
– Жиноят ишлари бўйича Жондор туман судининг очиқ суд мажлисида ҳуқуқбузар Б.Рахимовга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш мазмунан кўриб чиқилди, – дейди МИБ Жондор тумани бўлими давлат ижрочиси Баҳодир Кенжаев. – Суд ҳуқуқбузар Б.Рахимовга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаси билан 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.
Алиментдан бўйин товлаш учун келгусида жиддийроқ чора кўрилиши мумкинлигини тушунган ота 13 миллион 453 минг сўм алимент пулларини тўлаб берди.
Зариф Комилов, ЎзА