Алимент тўламаётган оталарга кўмак
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган шаҳар бўлими ва шаҳар прокуратураси ҳамкорлигида алимент билан боғлиқ ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бунда асосий эътибор узоқ вақтдан бери турли сабаблар билан алимент тўламаётган ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Меҳнат ярмаркасига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида МИБ давлат ижрочилари “маҳаллабай” ўрганишлар орқали ишсиз алимент тўловчиларнинг муаммоларини ўрганди. Шундан сўнг улар ярмаркага таклиф этилди. Ярмаркага келган ишсиз фуқароларга “Наманган тўқимачи”, “Art soft Holding”, “Мерримед фарм” каби йирик жамиятлар мутасаддилари томонидан меҳнат шароитлари, ойлик маош ва бўш иш ўринлари ҳақида маълумот берилди.

Наманган юридик техникумида бўлиб ўтган ярмаркада вилоят марказида фаолият кўрсатиб келаётган 10 дан ортиқ корхоналар ўзларида мавжуд 300 та бўш иш ўрни билан иштирок этди. Асосийси, мунтазам ўтказиб келинаётган ярмарканинг бу галгисида 20 киши ишли бўлди.

– Оилавий келишмовчилик туфайли турмуш ўртоғим билан ажрашганман. Суднинг қарори билан бир нафар фарзандимга алимент тўлашим белгиланган. Бироқ, муқим ишим йўқлиги сабабли алимент тўлашда муаммолар бор эди, – дейди Наманган шаҳрининг Зарафшон маҳалласида истиқомат қилувчи Зокиржон Хожиев. – МИБ ва прокуратура ўтказган ярмаркада “Наманган тўқимачи” масъулияти чекланган жамиятига ишга қабул қилиндим. Энди фарзандимнинг моддий таъминотида муаммо бўлмайди, тўловларни ўз вақтида амалга оширишимга имкон туғилди. МИБ Наманган шаҳар бўлими бошлиғининг ўринбосари Акмалжон Икромовнинг таъкидлашича, Бюро томонидан жорий йилнинг ўтган даврида айнан ишсиз бўлган икки юздан зиёд алимент тўловчиларни турли корхона ва ташкилотларга ҳамда мавсумий ишларга қабул қилинишига кўмаклашилган.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА мухбири