Алимент тўламай юрган 23 ота жавобгарликка тортилди
Жорий йилнинг ўтган даврида Мажбурий ижро бюроси Мирзаобод туман бўлими томонидан вояга етмаган фарзандлар таъминоти учун қарздор оталардан жами 2 миллиард 945 миллион сўм алимент ундириб берилди.
Маълумотларга кўра, қарздорликни тўлашдан бўйин товлаган шахсларга нисбатан қонунчиликда назарда тутилган чоралар изчил қўлланилмоқда. Фақатгина 2025 йилнинг саккиз ойи давомида алиментдан қочиб юрган 23 нафар қарздор ота маъмурий жавобгарликка тортилди.
Жумладан, қарздорлардан И.Худойқулов 6,5 миллион сўм, Ф.Шайзаков эса 5,3 миллион сўм алимент пулини узоқ вақт тўламай келганлиги сабабли суд қарорига асосан, уларга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Мажбурий ижро бюроси масъуллари таъкидлаганидек, алимент тўловидан бўйин товлаган ҳар бир шахсга нисбатан жазо муқаррардир. Чунки, фарзандлар тақдири ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятнинг энг муқаддас бурчи ҳисобланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири