“Аланга ичидаги аёл” китоби ўзбек тилида чоп этилди
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида адиба Нодирабегим Иброҳимова таржимасида чоп этилган “Аланга ичидаги аёл” китобининг тақдимоти ўтказилди.
Халқаро журналистика факультети декани Амрулла Каримов янги чоп этилган китобнинг бугунги кундаги аҳамияти ва долзарблиги ҳақида сўз юритди. Шунингдек, ёзилганига қарийб 20 йил бўлган бўлсада, ҳамон унга бўлган талаб сусаймагани, бадиий асар ўз савиясини йўқотмагани ҳақида гапирди. Таржимон Нодирабегим Иброҳимова китобни таржима қилиш жараёнлари билан ўртоқлашди.

– Мен ушбу асарни аёл бўлганим учун чуқурроқ ҳис қилиб, англаб, таржима қилдим, – дейди таржимон Нодирабегим Иброҳимова. – Асли иорданиялик Суад исмли ижодкор аслида ижодкор эмас, оддий уй бекаси. Ушбу китобда ўзининг аянчли тақдири ҳақида гап боради. Ушбу асар 40 га яқин тилларга таржима қилинган. Бугун мен ҳам шу китобни жамият аёллари ўқишини, юракларида шукроналик ҳиссини туйишларини хоҳладим. Ўзим ҳам Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида таҳсил олганман. Талабаларни кўриб университетда ўқиб юрган кезларимда қилинган илк таржималарим кўз ўнгимдан ўтяпти. Таҳсил давомида кўп нарсаларни ўргандим. Мана орадан йиллар ўтиб, бу мевасини берди. Таржимадаги навбатдаги китобим айнан шу ерда тақдимот қилиняпти.

Адабий кеча назм ва наво кўринишида давом этди. Таниқли хонанда Шуҳрат Дарё қўшиқлар куйлади, шоир Шуҳрат Ориф ўзининг дилбар шеърларини тадбир иштирокчиларига армуғон этди.

Китоб “Faktor books” нашриёти томонидан 2 минг нусхада чоп этилган. Тақдимот сўнгида ижодкор дастхати туширилган китоблар тақдим этилди.

Д.Маматова, ЎзА