Аламзада йигит бўлажак қайнонасининг уйини куйдирди
Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судида замонамиз Мажнунига нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Фарғона вилояти, Бешариқ туманида яшовчи Сарвар Абдуллаев (исм-шарифи ўзгартирилган) ушбу туманда яшовчи Санобар Турдиалиева билан унаштирилиб, Санобарнинг оиласи тўйга тараддудини бошлаб юборган бўлса-да, Сарвар турли баҳоналар билан тўйни ортга чўзиб келган.
Бу ҳол 2020 апрель ойига қадар давом этиб, ўртага совуқчилик тушиб, Сарвар Санобарни телефонда турли баҳоналар билан ҳақоратлашни ўзига одат қилиб олган.
Сарварни Санобарга бўлган бу муносабатига қизнинг онаси тасодифан гувоҳ бўлиб, бўлажак куёв билан гаплашиб қўймоқчи бўлади. Йигит эса қизнинг онасини ҳам гап билан "савалайди". Сўнг эса бўлажак қудалар фарзандлари ўртасидаги унаштирувни бекор қилган.
Сарвар бу ҳолатга чидай олмай, Санобарнинг оиласи тинчини бузгани сабабли Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилган бўлишига қарамай, ўзига тўғри хулоса чиқармади.
У 18 июндан 19 июнга ўтар кечаси соат 00:40 ларда спиртли ичимликдан маст ҳолда Санобарнинг уйига келиб, уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ёнида бўлган гугурт билан хонадонга ўт қўйиб юборган.
Оқибатда хонадон бутунлай ёниб, тўй учун йиғиб қўйган барча сарполар, уй-рўзғор буюмлари ва муҳим ҳужжатлар кул бўлган. Оилага 300.000.000 сўмдан ортиқ моддий зарар етказилган. Санобар ва унинг онаси шу куни қариндошларининг уйида бўлган тадбир сабаб ўша ерда ётиб қолишган ва омон қолишган.
С.Абдуллаевнинг ушбу ҳаракати юзасидан тергов олиб борилиб, унга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 173-моддаси 2-қисми «в» банди ва 227-моддаси 2-қисми «а» банди билан айб эълон қилинган, айблов ўз тасдиғини топган.
Суд судланувчи С.Абдуллаевга жазо тайинлашда жиноятни маст ҳолатда содир этганлигини жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб топди, шунингдек оилавий шароити, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини эътиборга олди.
Суд унинг жиноят содир этгунга қадар ва жиноят содир этганидан кейинги хулқ-атворини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида узил-кесил ўташ учун 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади ва суд залидан қамоққа олинди.
Судланувчи С.Абдуллаевдан жабрланувчи фойдасига 300.105.196 сўм моддий зарар ундириш белгиланди.
М.Улуғбеков,
Жиноят ишлари бўйича
Қўқон шаҳар судининг судьяси