Қалбан сиз билан биргамиз...
Аслида бу хабарни ҳамма эшитган, оммавий ахборот воситаларидан, интернет саҳифаларидан... Лекин дўсту дугоналар, ёру-биродарлар ҳам бир-бирига қўнғироқ қилиб бу табиий офатдан безовталигини билдиришяпти.
– Сардобада сув тошқини бўлибди…
Аслида бу хабарни ҳамма эшитган, оммавий ахборот воситаларидан, интернет саҳифаларидан... Лекин дўсту дугоналар, ёру-биродарлар ҳам бир-бирига қўнғироқ қилиб бу табиий офатдан безовталигини билдиришяпти.
– Ҳар тугул жонга зарар етмабди, молнинг ўрни тўлиб кетар...
– Оллоҳнинг асрагани шу бўлсин, буёғига ҳам ўз паноҳида сақласин!
Бу гапларда чинакам ҳамдардлик бор. Дарахтнинг бир япроғи тўкилса, илдизи зирқирайди, деган қадим бир ҳикматнинг ҳаётий изоҳи бор. Орамиздан лоқайдлик, беэътиборлик кўтарилаётгани, жонкуярлик, меҳр-оқибат келаётганининг ифодаси бу. Нафсиламрини айтганда, ҳеч ким ўз халқининг бошига ёмон кун тушишини истамайди. Лекин ҳар қандай оғир куннинг, ҳар қандай синовнинг талафоти қадар мукофоти ҳам бўлади. Бу йил кечираётган синовларимизнинг мукофоти одамларимиз қалбида ҳаётни қадрлаш туйғусини кучайтиргани, “ҳар дақиқа ғанимат, умрингнинг ҳар сониясини яхшиликка сарфлаб улгур”, тарзидаги даъватни юракларга жо этгани, ундан ҳам яхшироғи, бир осмон остида, бир замин устида яшаётган инсонларни биргаликка, жипсликка ундаганидир.
Кўнгилга ўрнашган бундай ҳиссиётлар бу кунларнинг ўзида қолиб кетмайди, насиб бўлса, миллатимизга хос барча яшовчан фазилатлар каби биз билан бирга даврдан даврга ўтади.
Мен ҳам шу ҳиссиётлар билан яшаётган замондошларимнинг бири сифатида дарров Сирдарёдаги таниш-билишларим, дўсту дугоналарим билан боғландим. Бири Саодат ая. Саксондан ошиб, тўқсон билан тўқнашай деб турибди. Мен ая билан шифохонада ҳамхона бўлганман. У киши мактабдан бошқа ҳеч қаерда ўқимаган бўлсада, ашаддий китобхонлиги билан мени ҳайратга солган эди. Мен олиб борган журналу китобларни кўриб яшнаб кетган эди.
– Худойим мени шундай ҳамхонага насиб этганига шукр, – дея китобларни пешонасига теккизиб тавоф қилиб, ўқишга тутинганди.
– Худога шукр, тинчмиз. Президентимиз омон бўлсин, ҳалиям шу ерда, ҳамма оёққа турган, биз – қариялар дуодамиз, – дейди Саодат ая 6 фарзанди, бир этак набираларининг саломатлик хабарини етказар экан.
Ойниса дугонамиз – сенатор.
– Ҳозир мажлисдан келдим. Ҳар соатда қилишимиз керак бўлган вазифаларимиз аниқ. Насиб қилса, сардобаликлар тез кунлар ичида ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетади. Андижон, Самарқанд, Тошкент – чор тарафдан ёрдам карвонлари келяпти.
Гавҳарой – шахсий кутубхона ташкил қилган, “Йил аёли” ғолибларидан бири, Баҳор, Норинисо, Меҳринисо – қаламкаш сингилларимиз...
– Тошқиндан азият чекканлар бошпана билан таъминланди. Баҳоли қудрат хабар олиб турибмиз, – дейишди улар.
Ҳаммасининг кўнглида табиий офат оқибатларини зудлик билан бартараф этишга бўлган ишонч таянч бўлаётгани сезилиб турибди. Ҳаммаси Президентимизнинг Сирдарёда эканлиги, “Шароит яхши бўлмагунча, бирорта раҳбар, мен бошчилигимда ҳеч қаёққа кетмайди”, деган қатъий ваъдасидан куч олиб яшаяпти.
Бизнинг дилимизга ҳам айнан шу туйғулар ёруғлик беряпти. Қалбан сиз билан биргамиз, Сардобаликлар, сиз қуш учмас чўлни гулистонга айлантирган матонатли элнинг авлодисиз, демак яна тик оёққа туришингизга, талафотларнинг ўрнини тўлдириб, тўкис, бутун яшашингизга ўзингиз ишонгандек, биз ҳам ишонамиз!
Қутлибека РАҲИМБОЕВА