Акико Фужии: Ўзбекистон гендер мажбуриятларни муваффақиятли бажармоқда
Осиё хотин-қизлари иккинчи форумида иштирок этган БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии ЎзА мухбирига форум ҳақидаги фикрларини билдирди:
– Ўзбекистон ҳукуматини ушбу форумни ташкил этгани билан чин дилдан табриклайман. Форумдаги асосий тадбирлар, сессиялар жуда муваффақиятли ўтди.
Бу нуфузли тадбир мазмун жиҳатдан жуда аҳамиятли. 20 дан ортиқ мамлакатнинг парламент, ҳукумат даражасидаги масъуллари бир жойга жам бўлиб, иқтисодий ва ижтимоий масалаларни муҳокама қилди. Бу оддий масалалар эмас, балки аёллар ҳуқуқлари, болалар манфаатлари билан боғлиқ, гендер тенглик каби глобал аҳамиятли мавзулар. Муҳими, бу борада чуқур таҳлилларни қамраб олган мулоқот майдонида муаммолар кўтарилиши билан бир қаторда уларнинг ечимлари бўйича қатъий мажбуриятлар ҳақида таклифлар ўртага ташланди.
Айтиб ўтишим керакки, Ўзбекистонда айнан шу йўналишларда салмоқли натижаларга эришилмоқда. Болалар, аёллар ҳуқуқлари ҳимояси кучайтирилди. Гендер тенгликка эришиш борасида ҳам мажбуриятлар муваффақиятли бажарилмоқда. Бу борада биз самарали ҳамкорликни йўлга қўйганимиздан мамнунмиз.
Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги иштироки кенгайиб бораётгани, уларни молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган эътибор туфайли аёллар тадбиркорлиги кенгайиб бораётгани қувонарли.
Жаҳонда парламентдаги депутатлик ўринларини эгаллаган аёллар йигирма етти фоиз бўлса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич аллақачон 38 фоизга етган. Бу катта ютуқдир.
Халқаро ҳамкорлар ҳам Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаш, аёллар етакчилигини янада барқарор қилиш, гендер молиялаштириш ва ишга қабул қилиш каби муҳим масалалар бўйича қарор қабул қилишлари мумкин бўлган экотизимни қўллаб-қувватлаш учун бирлашишлари форумда қайд этилганини қизиқиш ва мамнуният билан қабул қилдик.
Аёллар муҳим қарорлар қабул қилинишида иштирок этиши жуда муҳим. Бу жараён янада кенгайса, Ўзбекистондаги яхши ўзгаришлар янада кенгаяди.
Норгул Абдураимова, ЎзА