Акцияда бепул ҳуқуқий маслаҳат берилди
“Юксалиш” умумиллий ҳаракати ва Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси ўртасида тузилган меморандумга кўра, Навоий шаҳри ва Хатирчи туманларида бепул ҳуқуқий маслаҳат куни акцияси ташкил этилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилиб, қатор акция ва тадбирлар ташкил этилмоқда.

– Акция доирасида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан фуқароларнинг мол-мулк низоси, мерос масалалари, субсидия олиш тартиби, мулкни айрбошлаш, ишончнома, васиятнома, вояга етмаган фарзандни хорижий давлатга олиб чиқиш тартиби, пенсия тайинлаш, ҳадя шартномаси, тадбиркорликка оид саволларига жавоб берилди, – дейди “Юксалиш” умумиллий ҳаракати Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси Илҳом Сатторов. – Жумладан, акцияда иштирок этган фуқаро Гулнора Саакяннинг Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган квартира ва савдо дўконининг олди-сотди шартномасини тасдиқлаш тартиби ҳақида сўраган маслаҳатига нотариуслар томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Шунингдек, Анвар Валиев отасидан қолган уй-жойга нисбатан мерос ишини расмийлаштириш масаласида мурожаат қилди. Унинг ҳужжаталари нотариуслар Гулруҳ Мамалатипова ва Илҳомжон Саломов томонидан кўриб чиқилди.

Акцияда иккала ҳудуддан иштирок этган 110 нафарга яқин фуқаронинг саволларига ҳуқуқий жавоблар берилди.
– Навоий шаҳрида “Хумо” МФйда яшайман, – дейди Усмон Исломов. – Қишлоқда 12 сотихли ҳовлим бор. Унинг тенг ярмини сотмоқчи эдим. Маҳалламизда ўтказилган акцияда шу масала бўйича нотариуслардан жавоб олдим.
– Маҳалламизда акция бўлаётганини эшитиб келдим, – дейди Лобар Файзуллаева. – Турмуш ўртоғим ҳамкасбига кредит олиши учун кафил бўлган. Ҳамкасби эса олган кредет маблағини ўз вақтида қайтара олмаяпти. Банк томонидан турмуш ўртоғимнинг ойлик маошидан автоматик тизим орқали ечилмоқда. Шу ҳолатнинг олдини олиш бўйича берган саволимга ҳуқуқий тушунча олдим.

Акция доирасида фуқаро Исмат Болтаевнинг мурожаати нотариус томонидан жойида ҳал этилиб, ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар учун ундириладиган тўловлардан озод этилган ҳолда уй-жой ҳадя шартномаси расмийлаштириб берилди.
Адолатли ва халқчил жамият барпо этиш, одамларга айниқса, чекка ҳудудларда яшовчи фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадрини янада юксалтиришга хизмат қилади. Ҳуқуқий маслаҳат куни акцияси ҳам ана шундай улуғвор мақсадга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Абдували Бўриев, ЎзА.