Академик ижодкорларга гувоҳномалар топширилди
Академик ижодкорлар нафис санъатнинг турли йўналишларида тадқиқотлар олиб боришда, ижодий жараёнлар ва янгиликларни теран таҳлил ва тарғиб этишга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Президентимизнинг 2017 йил 16 августдаги “Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Қарорига мувофиқ Ўзбекистон Бадиий академияси Бошқарув кенгаши томонидан ўтказилган сайлов натижаларига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан 9 нафар ижодкор Бадиий академиянинг ҳақиқий аъзолари этиб тасдиқланди.
Шу муносабат билан Бадиий академиянинг янги тасдиқланган ҳақиқий аъзоларига аъзолик гувоҳномаларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда мутасадди вазирлик ва идоралар, тасвирий ва амалий санъат соҳасининг етук вакиллари, ёш ижодкорлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан, тасвирий ва амалий санъат соҳасини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий 2023 йил – Инсонга эътибор ва сифатли таълим йилида барча соҳалардаги каби санъат соҳасида ҳам салмоқли ўзгаришлар рўй берди.
2023 йил мобайнида Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан бир қатор йирик халқаро даражадаги лойиҳалар амалга оширилди. Ижодкор рассомлар томонидан миллий тасвирий-амалий санъатимиз тарғиб этилди. Жорий йилда ўтказилган Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали, "Toшкент-2023" II Халқаро ҳайкалтарошлик симпозиуми, IV Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси шулар жумласидандир. Шунингдек, бир қатор фидоий ижодкорларимиз давлатимиз раҳбари томонидан самарали фаолияти учун фахрий унвон ва мукофотлар тақдирландилар.
Бугунги кунда Бадиий академиянинг илмий ва бадиий салоҳиятини оширишда асосий ўринга эга бўлган академиянинг ҳақиқий аъзолари сафи кенгайиши ҳам соҳага бўлган юксак эътиборнинг амалдаги тасдиғидир.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ўзбекистон Бадиий академиясининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги тегишли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Бадиий академиясининг Устави”га мувофиқ халқаро ва республика миқёсдаги нуфузли кўргазмаларда муносиб иштирок этган, миллий, тасвирий ва амалий санъат, дизайн, санъатшунослик соҳаларини ўзининг йирик асарлари билан бойитган, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш йўлида меҳнат қилаётган ижодкорлар Бадиий академиянинг ҳақиқий аъзолигига номзод бўлиши мумкин.
Жорий йилда қуйидаги ижодкорлар Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзолари этиб тасдиқланди: Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси директори, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти профессори, санъатшунослик фанлари доктори Камола Акилова, ушбу институт профессори, маҳобатли рангтасвир рассоми Алишер Алиқулов, Бадиий ижодкорлар уюшмаси раиси, рангтасвирчи рассом Иброҳим Валихўжаев, Бадиий ижодкорлар уюшмасининг Самарқанд вилоят бўлими аъзоси, рангтасвирчи рассом Нуриддин Калонов, Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, рангтасвирчи рассом Имяр Мансуров, Миллий рассомлик ва дизайн институти профессори, рассом Муҳамматхон Нуритдинов.
Шунингдек, Миллий рассомлик ва дизайн институти профессори, рангтасвирчи рассом, ҳайкалтарош Дамир Рўзибоев, П.Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби рангтасвир фани ўқитувчиси, рангтасвирчи рассом Жамол Усмонов, Миллий рассомлик ва дизайн институти доценти, ҳайкалтарош Азамат Ҳотамовга ҳам академиклик гувоҳномалари топширилди.
Н.Усмонова, ЎзА