Аҳолининг саломатлиги давлат муҳофазасида
Юртимизда аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини такомиллаштириш, руҳий ҳолат бузилишларини эрта аниқлаш, даволаш сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19 июндаги “Аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори айни шу мақсадга қаратилган.
– Ушбу қарорда соҳада самарали бошқарув тизимини жорий этиш, илм-фанни ривожлантириш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш ва психиатрия муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, аҳолига ўз вақтида психиатрия ёрдами кўрсатилишини ташкил этиш назарда тутилган, – дейди Навоий вилояти асаб руҳий касалликлар диспансери шифокор психиатри Шовдир Асатов. – Унга кўра, ихтисослаштирилган психиатрия ва наркология ёрдамини кўрсатишнинг ягона вертикал бошқарув тизими жорий этилади.
Бирламчи бўғин тиббиёт муассасаларига руҳий саломатликни муҳофаза этиш хизматлари интеграция қилинади. Руҳий ҳолати бузилган шахслар дори воситалари билан эҳтиёжга кўра тўлиқ таъминланади.
Мазкур ҳужжатда аҳоли, айниқса, болалар ва ўсмир ёшларнинг руҳий саломатлигини мустаҳкамлаш, кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, мутахассисларни муносиб рағбатлантириш ва самарали меҳнати учун қўшимча шароитлар яратиш, психиатрия муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш каби мақсадлар ҳам кўзда тутилган. Ушбу қарор билан 2023 йил 1 июлдан Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази амалдаги молиялаштириш тартибини сақлаб қолган ҳолда, Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказига айлантирилди. Аҳамиятлиси, ҳужжатда ўқувчиларда ўзини ўзи бошқариш, мураккаб ҳаётий вазиятларни енгиб ўтиш кўникмаларини шакллантириш, депрессия, хавотирли ҳолатлар ва суицидларнинг олдини олиш бўйича махсус ижтимоий-эмоционал ўқув соатларини (Social Emotional Learning, SEL) умумий ўрта таълим муассасаларида мактаб дастуридаги мавжуд фанлар ва дарсдан ташқари жараёнлар орқали йўлга қўйиш масаласи ҳам киритилган.
Энг муҳим масалалардан бири бу 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб тиббиёт ходимларини “психиатрия”, “суд психиатрияси”, “тиббий психология” ва “наркология” йўналишлари бўйича қайта тайёрлаш курсларида ўқитиш харажатлари Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилишидир.
Бир сўз билан айтганда, мазкур ҳужжат руҳий саломатлигида муаммоси бор фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, бу оилалар тинчлиги, фаровонлигини таъминлашга ҳам бевосита хизмат қилади.
ЎзА мухбири А.Бўриев ёзиб олди