Аҳолининг ижтимоий муҳофазаси долзарб масала
Қарор ва ижро
Халқаро медиа холлда ташкил этилган навбатдаги очиқ мулоқот шундай номланди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев, соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов ва бошқалар бугунги кунда мамлакатимиз ижтимоий ҳимоя муҳофазаси йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлаш масалалари муҳим ўрин эгаллаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев мамлакатимиз тиббиёти соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаларига асосий урғу берди.

– Соғлиқни сақлаш тизимида кейинги беш йилликдаги қиёсий кўрсаткичлар халқимизга тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва кўлами ошиб бораётганини тасдиқлайди, – деди Абдуҳаким Ҳожибоев. – Хусусан, тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш бўйича қилинган ишлар кўлами жуда кенг.
Бунинг натижасида самарасиз, моддий-техника базаси ночор бўлган 3 мингдан ортиқ ҚВП ўрнида 2 мингта поликлиника ва оила шифокорлик пунктлари ташкил этилиб, аҳолига ўз яшаш манзилларида оила шифокорлари томонидан тўлиқ бепул амбулатор тиббий хизмат кўрсатилиши таъминланди.
Оммавий шаклдаги профилактик ва чуқурлаштирилган кўриклар ўрнига мақсадли скрининг дастурлари, тотал патронаж ўрнига универсал-прогрессив патронаж тизими жорий қилинди. Хусусий тиббиёт муассасалари ривожига қаратилаётган эътибор туфайли бугунги кунда уларнинг сони сезиларли даражада ошди. Бунинг натижасида ушбу соҳа вакилларини иш билан таъминлаш масаласи ҳам ижобий ҳал этилаётганини кўришимиз мумкин.

Тез тиббий ёрдам тизимида битта чақириққа дори-дармон учун 2016 йилда 500 сўмдан маблағ ажратилган бўлса, айни пайтда бу кўрсаткич 6500 сўмни ташкил этмоқда. Қолаверса, “Тез ёрдам” шохобчалари сони ўтган беш йилда 800 тадан 1 минг 666 тага етказилди. Тез тиббий ёрдам бригадалари сони эса 1 минг 890 тадан 2 минг 842 тага оширилди.
Яна бир масала шуки, 2016 йилда тармоқда бор-йўғи 24 та реанимобиль хизмат кўрсатар эди. Бугунги кунда эса улар сони 435 тага етказилган. Биргина ўтган 2020 йилда Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станциясига 150 дона “Форд” русумли реанимацион тиббий аппаратлар билан жиҳозланган тез тиббий ёрдам автомашинаси харид қилинди.
Очиқ мулоқотда 2017-2021 йилларда мамлакатимизда аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича амалга оширилган ишлар муҳокамасига кенг ўрин берилди. Дейлик, ишга жойлаштириш Меҳнат органларида жисмоний ва юридик шахсларга “Ягона ойна” тамойили асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. 5 йил мобайнида 1 миллион 407 минг нафар ишсиз доимий иш ўринларига эга бўлди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов вазирлик томонидан бандлик масаласида олиб борилган ишлар хусусида тўхталиб ўтди.
– Ишга жойлаштирилган фуқароларнинг 340 минг нафари хизмат кўрсатиш ва сервисда, 180 минг нафари халқ таълими ва соғликни сақлашда, 302 минг нафари саноатда, 175 минг нафари қишлоқ хўжалигида ва 423 минг нафари иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида бандлиги таъминланди, – деди Нозим Ҳусанов.
– Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш йўлга қўйилди. Ўтган йилларда 1 миллион 370 мингга яқин ишсизлар жамоат ишларига жалб қилиниб, Жамоат ишлари жамғармасидан салкам 1,3 триллион сўмга яқин маблағлар молиялаштириб берилди.

Касб-ҳунарга ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида 16 та “Ишга марҳамат” мономарказлари, 136 та маҳаллада касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этилди.
Субсидия маблағларини ажратиш орқали аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича бир нечта инструментлар жорий этилган бўлса, 2019-2021 йиллар мобайнида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан 180 миллиард сўмга яқин субсидия маблағлари ажратиш ҳисобига 77,5 минг нафар ишсизларнинг бандлигига кўмаклашилди.
Очиқ мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 августдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан амалга оширилаёган ишлар сарҳисобига ҳам эътибор қаратилди.
Шунингдек, тадбирда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари томонидан аҳолининг ижтимоий муҳофазаси йўлидаги устувор вазифалари, натижалар ва режалари таҳлил этилди.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА