Аҳолининг эҳтиёжманд қатлами қўллаб-қувватланмоқда
Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган қатламига ҳар жиҳатдан кўмаклашиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Зеро, йиқилганни суяш, ёрдам қўлини чўзиш, савоб учун хайр эҳсон қилиш халқимизга хос эзгу фазилатлардан саналади.
“Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Фарғона вилояти бўлими томонидан кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, якка-ёлғиз қариялар, чин етимлар, боқувчисини йўқотган ҳамда ногиронлиги бўлган 480 та оилаларга 168 миллион 732 минг сўмлик ёрдам кўрсатилгани фикримиз далилидир. Жумладан, 4 нафар фуқарога ногиронлик аравачаси, 372 та оилага озиқ-овқат ва кийим-кечак маҳсулотлари, 104 нафар фуқарога 86 миллион 350 минг сўм пул кўринишида моддий ёрдам ажратилди.
–Вилоятдаги “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисоб рақамига жорий йилнинг 6 ойи давомида 15 миллиард 879 миллион сўм маблағ келиб тушди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти бўлим бошқаруви раиси Баҳодиржон Юлбарсов. – Халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори ва тасдиқланган рўйхатларга асосан 20 минг 528 нафар эҳтиёжманд оилаларга “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилганларга моддий ёрдам кўрсатилди.
Бундан ташқари, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилалар, вояга етмаган етим болалар, якка-ёлғиз қариялар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда табиий офатдан жабр кўрган фуқаролардан тушган мурожаатларни ижобий ҳал этиш мақсадида моддий ёрдам кўрсатиш учун 93,8 миллион сўм, “Мурувват” ва “Саховат” уйларидаги кексалар ва эҳтиёжманд фуқароларни ҳамда спорт тадбирлари қатнашчиларини кийим-кечак маҳсулотлари билан таъминлаш, кўзи ожиз ногиронлиги бўлган шахслар ва кексаларни соғломлаштириш учун 100 миллион сўм маблағ сарфланди.
Бир сўз билан айтганда, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан амалга оширилаётган моддий ва маънавий кўмак, қўллаб-қувватлаш ишлари юртимизда “инсон қадри учун” тамойили устувор бўлган ислоҳотларнинг ёрқин намунасидир.
М.Сулаймонов, ЎзА