Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастури – амалда
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат дастурлари тизимли амалга оширилмоқда.
Ушбу дастурлар ижросини таъминлаш бўйича Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳам муҳим чора-тадбирларни олиб бормоқда. Бу борада Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси бош мутахассиси Олимжон Ҳасанов куйидагиларни сўзлаб берди:
– Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан жорий йилнинг биринчи чораги давомида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида пойтахтимизнинг Чилонзор тумани хонадонларида уйма-уй ўрганиш ўтказилди. Ўрганиш натижасига кўра, 600 дан ортиқ “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож кексалар, ногиронлар, боқувчисини йўқотганлар ҳамда кам таъминланган оилаларга 9 хил асосий турдаги дастлабки эҳтиёж учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси тарқатилди. Шу билан бирга, тумандаги 27 нафар кам таъминланган ижтимоий ҳимояга муҳтож якка-ёлғиз кексаларга маиший техника жиҳозлари, дори-дармон ҳамда савдо марказларида озиқ-овқат харид қилиш учун ваучерлар олиб берилди.

Қўмита томонидан Чилонзор туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда маҳаллаларда аниқланган 216 та коммунал соҳадаги муаммо ўрганилиб, манзилли ҳал этилди. Янги электр таянч устунлар ўрнатилди. Трансформаторлар таъмирланди. Электр тармоқлари янгиланди. Газ тармоқлари, газ тақсимлаш пунктлари таъмирланди. Сув тармоқлари янгиланди, иссиқлик тизимлари изоляция қилинди. Қолаверса, ички йўлларга асфальт ва бетон қопламаси ётқизилиб, кўп қаватли уйларнинг том, ертўла ва фасад қисмлари таъмирланди. Шу билан бирга, маҳаллаларга компьютер, кондиционер, мебель жиҳозлари ҳомийлик асосида ажратилди.
Бундан ташқари, “Катта Қозиробод” МФЙда яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган 4 нафар фарзанднинг онаси, уй-жойсиз ёлғиз қийналиб келаётган фуқарога қўмита жамғармасидан ажратилган ҳомийлик маблағлари ҳамда маҳалла тадбиркорларининг саховати билан 3 хонали уй-жой олиб берилишига кўмаклашилди.
Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек, Чилонзор, Учтепа туманлари ҳамда Тошкент вилоятининг қатор туманларида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш дастурлари амалга ошириб келинмоқда.
Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида 100 га яқин турли даражадаги муаммолар ҳал этилди. Жумладан, 19 дона симёғоч янги бетон устунларга алмаштирилди. Аҳолини иш билан таъминлаётган тикувчилик цехига кондиционер, “Турон” МФЙ идорасига ишда фойдаланиш учун 2 дона замонавий компьютер тўплами ва 148-мактаб стадионига ёритиш тизими ўрнатилди. Шунингдек, уйи ёнғинда ёниб кетган икки нафар хонадон эгаларига моддий ёрдам кўрсатилди.
Тошкент шаҳар Чилонзор туманида ҳам ушбу дастур юзасидан ишлар давом этмоқда. Жумладан, маҳаллаларда электрогенератор ўрнатилди. Ободонлаштириш ишлари олиб бориш ва манзарали гуллар экиш учун маблағ ажратиб берилди. Шунингдек, “КАПИТАЛБАНК” АТБ билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек, Чилонзор, Учтепа туманлари ҳамда Тошкент вилоятининг қатор туманларида жами 500 нафардан ортиқ “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар яшовчи оилаларга 10 хил асосий турдаги дастлабки эҳтиёж учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси тарқатилди.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг қатор туманларида ёрдамга муҳтож бўлган, алоҳида эътибор талаб этувчи ёшларнинг бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ҳаётда ўз ўрнини топишга ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш бўйича тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда.
Юқоридаги каби хайрли ишлар натижасида 1500 га яқин ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга дастлабки озиқ-овқат жамланмалари ва бошқа турдаги моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА