Аҳолига қулайлик ва имтиёзлар берилмоқда
Президентимизнинг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ўзини- ўзи банд қилган фуқароларни соддалаштирилган тартибда рўйхатдан ўтказиш бўйича Тошкент вилояти аҳолисига қулайликлар, кенг имконият ва имтиёзлар берилмоқда.
Ҳозиргача бу тоифага кирган фуқаролар сони 211 минг 606 нафарни ташкил қилди. Шундан жорий йилнинг биринчи чорагида 54 минг 959 нафар жисмоний шахс мазкур йўналиш бўйича рўйхатга олинган. Хусусан, маиший хизматлар фаолият йўналишлари бўйича 29 минг 77 нафар, қишлоқ хўжалигида 8 минг 31 нафар, ижтимоий йўналишлар бўйича хизматларда 6 минг 528 нафар, саноат йўналиши бўйича 3 минг 726 нафар ва ахборот -коммуникация йўналишларида 1 минг 759 нафар жисмоний шахс рўйхатга олиниб, бандлиги таъминланди.
Ҳудудлар бўйича ўзини- ўзи банд қилганлар Зангиота, Янгийўл, Тошкент ва Паркент туманларида бошқа ҳудудларга қараганда кўп. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан маҳаллаларда фаолиятини бошлаган “еттилик” билан ҳамкорликда солиқ базасини кенгайтириш, тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштириш ҳамда ўзини- ўзи банд қилганларга кичик бизнес тоифасига ўтишда кўмаклашиш каби 21 та йўналишда иш олиб борилмоқда.

Масалан, биргина Тошкент тумани Боғизилол маҳалласида 37 дан зиёд тадбиркорлик субъекти, 781 нафар мол-мулк ҳамда 1 минг 225 нафар ер солиғи тўловчиси бор. Шунингдек, 206 нафар ўзини- ўзи банд қилган фуқаро яшайди. Ушбу маҳаллага бириктирилган Эркажан Атаниязова ишни, энг аввало, хатлов ишларини амалга оширишдан бошлади.
– Бу ҳудудга бириктирилганимдан кейин тадбиркорлик субъектлари ва хонадонларда бўлиб, солиқ тўловчилар билан яқиндан танишдим, – дейди Э.Атаниязова. – Аввалига мавжуд вазиятни ўргандим, ундан сўнг аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бордим. Қувонарлиси, тадбиркорликни бошлашга интилаётганлар кўпчиликни ташкил этади. Фақат уларга солиқ ва бошқа ташкилий йўналишларда тўғри маслаҳатлар берилса, бўлгани. Хусусан, томорқа хизмати, чорвачилик, паррандачилик, сабзавот маҳсулотлари етиштиришда қишлоқ аҳолисида етарлича имкониятлар бор. Муҳими, ундан тўғри фойдаланишдир.
А.Мусаев, ЎзА мухбири