Аҳоли яшаш масканларининг мобиль алоқа билан қамрови 99,5 фоизга етказилган
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовнинг “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган айрим мақсадли кўрсаткичларга эришиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги парламент сўровига жавоби кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимиз ҳудудларида интернет ҳамда мобиль алоқа хизматларининг қамров кўрсаткичлари сезиларли даражада ошган. Жумладан, магистрал тармоқларнинг ўтказувчанлик қобилияти 2020 йилга нисбатан вилоятлар кесимида 400 Gbit/s дан 600 Gbit/s гача, туманлар кесимида эса 40 Gbit/s дан 60 Gbit/s гача оширилган.
“Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида ижтимоий соҳа объектлари, жумладан, 10 минг 657 та халқ таълими объекти, 6 минг 988 та мактабгача таълим муассасаси, 5 минг 786 та соғлиқни сақлаш объекти, 8 минг 935 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда 5 минг 250 та ички ишлар органлари таянч пункти юқори тезликдаги маълумот узатиш тармоқлари билан тўлиқ қамраб олинган.
Вазир жавобига кўра, аҳоли яшаш масканларининг мобиль алоқа тармоғи билан қамров даражаси 99,5 фоизга етказилган. Халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлларини мобиль интернет билан таъминлаш бўйича ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2026 йил бошидан буён 11 мингдан ортиқ мобиль алоқа таянч станцияси ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 110,5 мингтага етказилган. Натижада ушбу автомобиль йўлларининг 95,5 фоизи мобиль интернет билан қамраб олинган.
Оптик толали интернет тармоқларини кенгайтириш борасида ҳам сезиларли ўсишга эришилган. Жумладан, 2020 йилда оптик толали алоқа линияларининг умумий узунлиги 119,5 минг километрни ташкил этган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 397 минг километрга етди. Натижада мамлакатимиздаги аҳоли пунктларининг 98,1 фоизи оптик толали алоқа тармоғи билан қамраб олинди. Йил якунига қадар бу кўрсаткични 98,2 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Вазир жавобида қайд этилганидек, Ўзбекистон мобиль интернет тезлиги бўйича халқаро рейтингда 133-ўриндан 72-ўринга, симли интернет тезлиги бўйича эса 112-ўриндан 73-ўринга кўтарилган. Шунингдек, мамлакат симли интернет тезлиги бўйича Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи ўринни эгаллаган.
Мажлисда соҳага оид қатор таклифлар билдирилиб, рақамли технологиялар вазирининг жавоби маълумот учун қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА