Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш иқтисодиётнинг кўринмай келган қисмини юзага чиқарди
Миллий статистика қўмитаси аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ҳамда корхона ва ташкилотлар бўйича янгиланган маълумотлар асосида Ўзбекистоннинг 2017–2025 йиллардаги ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) кўрсаткичларини қайта ҳисоблади.
Натижада мамлакат иқтисодиёти ҳажми аввалги ҳисоб-китобларга нисбатан сезиларли даражада юқори баҳоланди.
Янгиланган маълумотларга кўра, 2025 йилда Ўзбекистон ЯИМ ҳажми 2 126,8 трлн сўмни ташкил этди — бу аввалги 1 849,7 трлн сўмлик кўрсаткичдан 277,1 трлн сўмга кўп. Доллар ифодасида эса кўрсаткич 147 млрд доллардан 169 млрд долларгача қайта баҳоланди.
Қайта ҳисобланган ЯИМ ҳажми йиллар кесимида (қавс ичида — аввалги кўрсаткичлар):
2017 йил — 427,6 трлн сўм (369,6 трлн сўм);
2018 йил — 566,1 трлн сўм (494,8 трлн сўм);
2019 йил — 708,7 трлн сўм (620,1 трлн сўм);
2020 йил — 807,0 трлн сўм (705,1 трлн сўм);
2021 йил — 983,1 трлн сўм (861,2 трлн сўм);
2022 йил — 1 184,3 трлн сўм (1 041,9 трлн сўм);
2023 йил — 1 434,0 трлн сўм (1 261,8 трлн сўм);
2024 йил — 1 754,7 трлн сўм (1 535,4 трлн сўм);
2025 йил — 2 126,8 трлн сўм (1 849,7 трлн сўм).
Ушбу ўзгариш иқтисодиётда бирданига қўшимча ишлаб чиқариш ёки янги иқтисодий ўсиш юзага келганини англатмайди. Ҳисоблаш методологияси ва статистик маълумотлар базаси такомиллаштирилгани сабабли мамлакатдаги мавжуд иқтисодий фаолият ҳисоб-китобларда тўлиқроқ акс эттирилган.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА